
Ягона QR код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади
2026 йилдан бошлаб барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар электрон тўловларни ягона QR тизими орқали қабул қилишга ўтади.

Ўзбекистонда электрон тўловлар инфратузилмасини янгилаш ва ягона стандартни жорий этиш мақсадида 2026 йил 1 январга қадар барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар учун ягона QR код жорий этилади. Президент фармонига кўра, ушбу код банклар томонидан генерация қилинади ва электрон тўловларни қабул қилишнинг ягона усули сифатида ишлайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб барча юридик шахслар савдо ва хизмат кўрсатиш жараёнларида айнан шу QR код орқали тўловларни қабул қилишни йўлга қўйиши лозим. Бу тўлов амалиётларини соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтиришга қаратилган навбатдаги қадам сифатида қайд этилмоқда.
2026 йил 1 июлдан эса ягона QR код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий талабга айланади. Тизимдан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади ва тегишли чоралар қўлланилади. Бу талаб барча соҳада ягона тўлов маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, фармонда ташқи савдо амалиётларига оид янги тартиб ҳам белгиланди. 2026 йил 1 январдан бир хил турдаги товарлар бўйича бир ташқи савдо шартномаси доирасида мослик ва экологик сертификат 1 йилдан ошмаган муддатга 1 марта берилади. Бу тадбиркорлар учун сертификатлаш жараёнларини тежамкор ва содда қилишга қаратилган.
Қўшимча равишда, 2026 йил 1 мартдан солиқ декларациясини топширишнинг тажриба-синов тартиби йўлга қўйилади. Унга кўра, солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этади. Лойиҳа аҳолининг солиқ маданиятини ошириш ва рақамли солиқ ҳисоботини синовдан ўтказишга қаратилган.
Ўзбекистонда декабр ойидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун турли тўлов иловалари томонидан қўлланадиган алоҳида QR кодлар ўрнига универсал QR кодли тўлов тизим синовдан ўтказилмоқда.





