
Яна 3 та туманга янги ҳоким тайинланди
Навбаҳор, Нарпай ва Фориш туманларига янги ҳоким тайинланди.

Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг туманларига янги ҳокимлар тайинланди.
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Рашидов Алишер Абдуразоқович - Навбаҳор тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Рашидов Навоий вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.
Маълумот учун, Рашидов 2000 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлаган.
У 2006 йилда Тошкент Давлат аграр университети қошидаги қишлоқ хўжалик корхоналари раҳбарларни тайёрлаш ва кадрлар малакасини ошириш маркази ҳамда 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши академиясини тугатган.
Нарпай туман ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, Анвар Болиев Нарпай тумани ҳокими лавозимига тайинланди. У бунгача туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Жиззах вилояти ҳокимлигиниҳ ахборот хизмати маълумотига кўра, Соҳиб Исломов Жиззах вилоятининг Фориш тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Бунгача у «Қишлоқ хўжалигида юқори технологиялар агротехнопарки махсус саноат зонаси дирекцияси» МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кармана тумани, Хонабод ва Оҳамгарон шаҳарларига ҳам янги ҳокимлар тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.





