
«Янги олтин»га айланаётган мис: унинг баҳоси ошаётганига сунъий интеллектнинг қандай таъсири бор?
Мис нархи тўрт йиллик сукунатдан сўнг сўнгги бир ярим ҳафта ичида кескин ўсмоқда. Кўп соҳаларда ишлатиладиган бу металлга бўлган талаб дунё иқтисодиёти аҳволини кўрсатадиган кўрсаткич сифатида қаралади. Бугунги кунда металл сунъий интеллект ривожини ҳам белгилаб бермоқда.

«Мис миллийчилиги»
Лондон металл биржаси (LME) даги асосий шартнома бўйича уч ойлик мис фючерслари нархи 28 ноябр куни бир тоннаси учун 11 минг долларлик чегардан ошиб кетди, 5 декабр жума куни эса савдолар 11 621 доллкоик кўрсаткичида якунланди.
Инвестиция ахборотномаси — Fuller Treacy Money нашрининг муҳаррири Йон Трисининг таъкидлашича, 2021 йил бошидан буён мис нархи бу чўққини забт эта оломаётганди. У мис нархи динамикасига таъсир этувчи асосий омилларни санаб ўтади:
«Асосий глобал мавзу — электрификация жараёни. Хитой инфратузилмасининг депсиниб қолиши — яна бир омил. Мана шу икки куч ўртасидаги рақобат 2021 йилдан буён нархнинг бир маромда қотиб қолганини тушунтиради», дейди Триси.
Бироқ, Трисига кўра, ҳозир янги омил пайдо бўлган — АҚШнинг ресурслар миллийчилиги. Доналд Трамп бошчилигидаги АҚШ маъмурияти ҳаракатлари Америкадаги Comex биржасида мис учун нарх мукофотини юзага келтирди. «АҚШ дунё бўйлаб рафинация қилинган мисни чангюткичдек «сўриб» олмоқда», — дейди у.
АҚШда мис эритиш қувватлари етарли эмас, шу сабабли асосан руда экспорт қилинади, рафинация қилинган, яъни тозаланган мис эса импорт қилинади. Бундан ташқари, АҚШ учун яна бир хатарли омил — дунёдаги миснинг ярми Хитойда қайта ишланади, у эса Вашингтоннинг асосий савдо рақиби. Эндиликда Трамп маъмурияти ўз етиштириш салоҳиятини ривожлантиришга уринмоқда, лекин «бу йиллар давом этадиган жараён бўлиб, натижа бериши ҳам шубҳали», — дейди Триси.
Bloomberg нашрининг ёзишича, 2025 йил бошида Трамп импорт божларини жорий қилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортидан АҚШда мис нархи кўтарила бошлаган. Натижада, бошқа мамлакатлардан келган металл АҚШдаги Comex омборларида жамғарила бошлади (ўхшаш ҳолат олтин бозорида ҳам кузатилган, у ерда банклар Британиядан АҚШга қуйма олтинларни самолётда ташишган). 2025 йил июлида Comex’да мис нархи LME’га нисбатан 30 фоиз юқори бўлган.
2025 йил июли охирида Трамп бож жорий қилинмаслигини айтгач, мукофот 5 фоизгача тушиб кетди. Бироқ сентябрдан бошлаб у яна ўсишни бошлади ва ҳозир 10 фоизга яқинлашди: Трамп 2026 йил иккинчи ярмида вазиятни қайта баҳолашини маълум қилгач, трейдерлар яна захира йиғишга киришди.
Mercuria Energy Group компанияси металл савдоси бўйича бўлими раҳбари Костас Бинтаснинг Bloomberg’га билдиришича, бу жараён АҚШдан ташқари бозорларда мис танқислигига олиб келади: «Бу катта тенденция. Агар вазият шу тарзда давом этса, қолган мамлакатларда мис катодлари қолмайди».
Mercuria’нинг баҳолашича, 2026 йил биринчи чорагида АҚШга тозаланган мис импорти 2025 йил рекорд натижаси бўлган иккинчи чоракдаги 500 минг тонна билан бир хил даражада бўлади.
Goldman Sachs таҳлилчилари эса нарх ўсиши давом этишига ишонмайди. Улар дунё бозоридаги ортиқча таклиф прогнозига тузатиш киритган, аммо ҳозирча мис етарли эканини таъкидлайди: «Ҳар қанча ортиқча таклиф пастайган бўлса-да, 2026 йилда бозорда мувозанатга яқинлашув кузатилади, лекин яқин фурсатларда етишмовчиликни кутмаяпмиз», — дейилади таҳлилда. Банк тахминига кўра, 2026 йилда мис нархи 10 000–11 000 доллар оралиғида бўлади.
Сунъий талаб
Бироқ вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган бошқа муҳим омиллар ҳам мавжуд.
Financial Times нашрининг ёзишича, мисга бўлган талаб «яшил ўтиш даври» доирасида қурилаётган энергия тармоқлари ҳисобига ва сунъий интеллект ҳисоб-китобларини таъминловчи дата-марказларини электр билан таъминлаш зарурати билан ҳам ортиб бормоқда. Бу жараён йўл инфратузилмасини кенг миқёсда электрлаштиришни ўз ичига олади. Дунёдаги энг йирик кончилик компанияси — BHP’нинг январ ойидаги прогнозига кўра, 2050 йилга бориб, дата-марказларда қўлланадиган мис миқдори олти баробарга ошади.
Шу билан бирга, Мексиканинг йирик кончилик компанияси — Grupo Mexico баҳолашича, сунъий интеллект учун мўлжалланган дата-марказлар ҳар бир MW қувват учун 27 дан 33 тоннагача мис талаб қилади — бу анъанавий дата-марказлардан икки баробар кўп.
Қўшимча эҳтиёжлар глобал қайта қуролланиш туфайли ҳам юзага келмоқда. FT нашри кончилик соҳасидаги тадбиркор Роберт Фридланд сўзларига таянган ҳолда шундай ёзади: «Мисга бўлган талабнинг салмоқли қисми яширин — ҳарбийлар томонидан юзага келадиган талаб ҳеч қачон очиқланмайди».
Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI)нинг ёзишича, 2024 йилда жаҳонда мудофаа харажатлари совуқ уруш тугаганидан буён энг тез суръатда ўсди — реал ҳисобда 9,4 фоизга. Умумий миқдор эса рекорд даражада — 2,72 трлн долларга етди ва яқин йилларда ҳам ўсишда давом этади.
Шу билан бирга, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) прогнозига кўра, 2035 йилгача мавжуд ва режалаштирилган мис конлари орқали фақат дунё миқёсидаги талабнинг тахминан 70 фоизини қоплаш мумкин бўлади. ХЭАнинг таъкидлашича, энергия ўтиш жараёни (электромобиллар, қайта тикланувчи энергия манбалари) ва сунъий интеллект тарқалиши орқали юзага келадиган жиддий етишмовчиликни бартараф этиш учун улкан сармоялар, инновациялар ва эҳтимол, талабни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
Таклиф билан боғлиқ муаммо
Бироқ мавжуд мис конлари тобора самарасизлашмоқда — айримлари юз йилдан буён ишлаб турибди, янги йирик конлар эса анча вақтдан бери очилмаган. FT таъкидлашича, сўнгги йилларда фақат «ниҳоятда кичик янги конлар» ишга туширилмоқда. Бу ҳақда Wood Mackenzie таҳлилчилар гуруҳига раҳбарлик қилувчи Чарлз Купер гапирган.
Канадада жойлашган Arras Minerals компанияси ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 30 йилда йирик янги конлар сони ҳам, улардаги захира миқдори ҳам йилдан йилга камайган. Компания Қозоғистонда мис ва олтин конларини қидириш билан шуғулланади.
Аниқ рақамлар шундай: 1990 йилдан 2008 йилгача дунёда йилига 7 дан 18 гача йирик конлар топилган. Аммо 2011 йилдан бошлаб кўпи билан 5 та кон топилди. 2018 йилда ва 2022–2024 йилларда эса умуман янги йирик кон топилмаган.
Goldman Sachs таҳлилчиларига қарама-қарши равишда, Wood Mackenzie жорий йилнинг ўзида рафинадланган мис бозорида 304 минг тонна тақчиллик бўлишини кутмоқда. Компаниянинг ҳисоб-китобларига кўра, бу танқислик кейинги йили яна ҳам ошади. Купернинг фикрича, глобал энергия ўтиш жараёни (энергетик транзит) қазиб чиқариш тармоғига катта босим бермоқда.
Унинг таъкидлашича, металлар танқислиги абадий давом этмайди. Илгари нархлар кескин кўтарилганда, ёки ресурслар бошқа маҳсулотлар билан алмаштирилган, ёки металлолом ҳисобидан таклиф кўпайган. Аммо бу сафарги вазият фарқли. СИ дата-марказларини қурётган технологик гигантлар улкан молиявий имкониятларга эга ва нархларга унчалик сезгир эмас. Уларнинг харидлари мис нархининг юқори даражада сақланишига хизмат қилиши мумкин.
«Улар электр тармоқлари учун трансформаторлар каби жиҳозларга оид харидларда нархни кўтариб юбормоқда», дейди Купер.
BCA Research таҳлилчиси Триси эса қўшимча қилади: «Мис камёб ресурс эмас. Мавжуд конларни кенгайтириш ва янги конларни очиш орқали таклифни ошириш мумкин».
Аммо Трисининг таъкидлашича, кўп миллиард долларлик инвестициялар учун металнинг бозор нархи юқори даражада анча вақт сақланиши шарт. Акс ҳолда, сармоядорлар ҳаракат қилмайди.
Financial Times нашри келтирган иқтибосга кўра, IRH Global Trading компанияси бош директори Винет Меҳра мисни «янги олтин» деб атади ва талаб ҳамда таклиф ўртасидаги номутаносиблик янада кучайса, мис нархи яна узоқ муддат юқори даражада сақланишини башорат қилди.
Теглар






