Январда автомобиль бозори 7,2 фоизга ўсди

14.02.2026 | 10:471 дақиқа

Ўзбекистонда электромобиллар савдоси рекорд суръатларда ошиб, бозор драйверига айланди.

Январда автомобиль бозори 7,2 фоизга ўсди

Ўзбекистонда жорий йил январь ойида бирламчи автомобиль бозори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ўсиб, 28,6 минг дона янги енгил автомобиль сотилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Бозордаги ўсиш асосан маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобига таъминланди. Ушбу сегментда сотувлар 11 фоиздан ортиқ ошди ва 24 минг дондан зиёдни ташкил этди.

Аксинча, хорижий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар реализацияси 10 фоизга қисқариб, қарийб 4,4 минг дона даражасида қолди.

Ҳудудий таҳлилга кўра, энг юқори савдо фаоллиги Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида янги енгил автомобиллар сотуви ўтган йилга нисбатан пасайди.

Электромобиллар бозорнинг асосий драйверига айланди

Январь ойида электромобиллар бозорида сотувлар 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этди. Пойтахтда 3,7 мингта электромобиль сотилиб, жами ҳажмнинг 62 фоиздан ортиғини таъминлади.

Ҳудудлар кесимида электромобиллар савдосида энг юқори ўсиш суръатлари Самарқандда 3,5 баробар, Наманганда 2,4 баробар, Сурхондарёда 5 баробар ва Хоразмда 3 баробарни ташкил этди.

Шунингдек, электромобилларнинг бирламчи бозори 45,3 фоизга ўсиб, 4,7 минг доналик рекорд кўрсаткични қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид