Logo

Ярим йилда Ўзбекистон четга импортдан қарийб уч баробар кўп мева-сабзавот сотди

2026-йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистондан 1 млн 86,7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулоти 872,9 млн доллар қийматда экспорт қилиниб, 325,7 млн долларлик мева ва сабзавот импорт қилинди. Натижада бу маҳсулотлар экспорти қиймат жиҳатидан импортдан қарийб уч баробар юқори бўлди. Хусусан, июнь ойининг ўзида 350,7 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилиниб, ундан 237,1 млн доллар тушум олинди.

Ярим йилда Ўзбекистон четга импортдан қарийб уч баробар кўп мева-сабзавот сотди © Foto: producereport.com

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон жами 1,09 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари хорижга экспорт қилди. Кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 0,8 фоизга ёки 8,5 минг тоннага кўпроқ.

Мева-сабзавот экспорти қиймат жиҳатидан 872,9 млн долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга кўп бўлиб, ушбу тоифадаги маҳсулотлар умумий экспортнинг 5,5 фоизини ташкил этди. Ўзбекистонга йилнинг биринчи ярмида 325,7 млн долларлик мева-сабзавот импорт қилинган. Бунда июнь ойининг улуши 41,7 млн долларни ёки ярим йиллик импортнинг 12,8 фоизини ташкил этди.

Июнь ойидаги экспорт кўрсаткичлари

Жорий йил июнь ойида Ўзбекистондан 350,7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулоти экспорт қилиниб, ундан 237,1 млн доллар тушум бўлган. Таққослаш учун, йилнинг дастлабки беш ойида экспорт ҳажми 736 минг тонна, унинг қиймати эса 635,8 млн долларни ташкил этганди. Июнь ойининг ҳиссаси ярим йиллик экспорт ҳажмида 32,3 фоизни, қийматида эса 27,2 фоиз.

Шу ойда Ўзбекистонга 41,7 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари импорт қилинди. Натижада экспорт импортдан 195,4 млн долларга кўп бўлди. Шундай қилиб, июнь ойида экспорт қиймати импортдан қарийб 5,7 баробар юқори бўлди.

Сабзавотлар экспорти

Ярим йилда асосий ўсиш сабзавотларни четга сотиш ҳисобига тўғри келди. Ушбу маҳсулотлар экспорти 454,9 минг тоннадан 504,3 минг тоннагача ошган бўлса, қиймати 156,5 млн доллардан 190,3 млн долларга етди. Сабзавотлар орасида энг катта улуш пиёз ҳиссасига тўғри келди. Унинг экспорти 277,5 минг тоннани ташкил этиб, қиймати 82,1 млн долларга етган. Таққослаш учун, 2025-йилнинг мос даврида 262,9 минг тонна пиёз 73,7 млн долларга пулланган эди.

Шунингдек, бошқа сабзавотлар экспортида ҳам ўсиш кузатилди. Карам, помидор, сабзи ва саримсоқни четга сотиш бўйича кўрсаткичлар қуйидагича:

ChatGPT Image 1 авг. 2026 г., 14_26_49

Мевалар экспорти

Мевалар ва резаворлар экспортида эса пасайиш кузатилди. Ушбу маҳсулотлар ҳажми 198,2 минг тоннадан 158,5 минг тоннагача қисқарган бўлса, қиймати 250,4 млн доллардан 240,6 млн долларга тушиб, 3,9 фоизга пасайди. Хусусан, гилос экспорти 34 минг тоннадан 25,2 минг тоннагача, қиймати 71,9 млн доллардан 59,9 млн долларгача камайди. Ўрикни хориждаги харидорларга сотиш ҳажми деярли икки баробар қисқариб, 54,1 минг тоннадан 25,2 минг тоннани ташкил этди. Унинг қиймати эса 40,7 млн доллардан 30,5 млн долларга тушди.

Қуритилган узум экспорти ҳажми деярли ўзгармай, 47 минг тоннадан 47,7 минг тоннагача етган бўлса-да, қиймати 62,9 млн доллардан 58 млн долларга камайди. Аксинча, шафтоли сотуви ҳам ҳажм, ҳам қиймат бўйича ўсган. Маҳсулот етказиб бериш 32,9 минг тоннадан 35 минг тоннагача, қиймати эса 31,4 млн доллардан 37,2 млн долларгача кўпайди.

Қуритилган олхўри экспорти 22 минг тоннадан 15,9 минг тоннагача камайганига қарамай, унинг қиймати деярли ўзгармади ва 29,8 млн долларни ташкил этди. Қуритилган ўрик эса энг юқори қиймат ўсишини қайд этди: экспорт ҳажми 8,1 минг тоннадан 9,4 минг тоннагача ошган бўлса, қиймати 13 млн доллардан 25,2 млн долларга етди. Тарвуз ва қовун экспорти 144,8 минг тоннадан 128,6 минг тоннагача камайган бўлса-да, тушум 34,3 млн доллардан 41 млн долларгача ошди. Ерёнғоқ ва ёнғоқлар экспорти ҳажми деярли ўзгармади — 12,2 минг тоннадан 12,4 минг тоннагача, бироқ қиймати 29,3 млн доллардан 28,3 млн долларга пасайди.

Мош экспорти ҳам ижобий ўсишни кўрсатди. Унинг ҳажми 32,8 минг тоннадан 35 минг тоннагача, қиймати эса 30 млн доллардан 33,3 млн долларгача ошди. Бошқа маҳсулотлар экспорти эса 235,2 минг тоннадан 248 минг тоннагача кўпайган бўлса-да, қиймати 346,6 млн доллардан 339,3 млн долларга камайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳафталик нархлар таҳлилини эълон қилган эдик. Унда айрим мева ва сабзавотлар нархида сезиларли ўзгаришлар қайд этилганди. Хусусан, сабзавотлардан карам (2,7 фоиз) ва мевалардан лимон (0,5 фоиз) қимматлаган бўлса, помидор (10,5 фоиз) ҳамда узум (3,1 фоиз) нархи пасайган эди.

Муаллиф: Диёра Ҳабибуллаева

Теглар

Мавзуга оид

Ярим йилда Ўзбекистон четга импортдан қарийб уч баробар кўп мева-сабзавот сотди | Vaqt.uz