add

Етарлича энергия манбалари борлигига қарамай, АҚШда электр нархи нега ошмоқда?

Бугун 19:341632

Кўплаб америкаликлар электр нархининг ошишини сунъий интеллект маълумот марказларининг ортиқча энергия сарфи билан боғламоқда.

Етарлича энергия манбалари борлигига қарамай, АҚШда электр нархи нега ошмоқда?

Сўнгги ойларда АҚШда электр энергияси учун тўловлар кескин ошмоқда. Мутахассислар асосий муаммо энергия танқислигида эмас, балки самарасиз ва оддий истеъмолчи учун ноодил нарх белгилаш тизимида эканлигини таъкидлашмоқда.

Энергетика вазири Крис Райтнинг сўзларига кўра, мамлакатда йилнинг 98 фоиз вақтида электр қуввати етарли бўлади. Фақатгина бир неча соат — «пик» талаб даврида қўшимча ресурс керак бўлади. Бироқ аҳолининг аксар қисми электрни қайси вақтда ишлатишидан қатъи назар, бир хил тариф бўйича тўлайди. Натижада тизим юқори талаб соатларидаги харажатларни ҳамма учун тенг тақсимлайди ва умумий нархни оширади.

Йирик саноат мижозлари ва дата марказлар эса улгуржи бозорда ишлайди, у ерда нархлар ҳар дақиқа ўзгариб туради. Улар энергияни арзон вақтларда ишлатиб, юқори соатларда сарфни камайтириш орқали катта маблағ тежайди.

Бу эса оддий уй хўжаликларига қўшимча юк бўлади. Масалан, 13 та штатда дата марказлар сони кўпайгани сабаб «ишончлилик нархи» 11 баробарга ошган ва ҳар бир оиланинг ойлик тўловига яна 10–21 доллар қўшилган.

Қуёш панеллари ҳам муаммони ҳал қила олмаяпти. Кундуз куннинг ўртасида, талаб паст пайтда кўп энергия ишлаб чиқарилса, кечаси — электр талаб юқори бўлган вақтда қуёш манбаи самарасиз бўлади. Шу сабабли газ станцияларини захирада сақлашга тўғри келади ва уларнинг харажати ҳам умумий тарифга қўшилади.

АҚШда уйларнинг 75 фоизида «ақлли» ҳисоблагичлар мавжуд. Улар энергияни арзон соатларга кўчириш имконини беради. Тадқиқотларга кўра, юкламани атиги 2 фоизга силжитиш орқали янги станциялар қурилишида 250 миллиард доллар тежаш мумкин.

Аммо энергетика корпорацияларига бу фойдали эмас, чунки улар кўпроқ инфратузилма қуриш орқали даромад олади.

Мутахассислар ечим сифатида бозорни рақобатга очишни таклиф қилмоқда. Бу ҳолда хусусий компаниялар уй хўжаликларига реал вақтдаги бозор нархлари асосида энергия сотиши мумкин бўлади. Шу йўл билан «ақлли» истеъмолдан нафақат йирик корпорациялар, балки оддий америкаликлар ҳам фойда кўра олади.

Теглар

Мавзуга оид

Етарлича энергия манбалари борлигига қарамай, АҚШда электр нархи нега ошмоқда? | Vaqt.uz