add

Евроиттифоқ Россия активлари бўйича тарихий қарор қабул қилди

Кеча 14:557672 дақиқа

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларини муддатсиз сақлаб қолишга имкон берувчи янги механизмни маъқуллаб, айрим давлатлар ветосини четлаб ўтиш йўлини очди.

Евроиттифоқ Россия активлари бўйича тарихий қарор қабул қилди

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активлари масаласида муҳим бурилиш нуқтасига қадам қўйди. 11 декабр куни Евроиттифоққа аъзо давлатлар элчилари Иттифоқ шартномасининг 122-моддасини қўллаш бўйича келишувга эришди. Ушбу модда фавқулодда иқтисодий ҳолат шароитида қарорларни кўпчилик овози билан қабул қилиш имконини беради ва айрим давлатлар томонидан ветони чеклаб қўяди.

Politico нашрига кўра, мазкур қарор Россия активларини муддатсиз музлатиб қўйишга ҳуқуқий асос яратади. Бу эса, айниқса, Венгрия ва Словакия каби давлатларнинг қарши позициясига қарамай, жараённи олға силжитиш имконини бермоқда. Дания ҳукумати расман тасдиқлашича, Венгрия бош вазири Виктор Орбан энди бу қарорни тўсиб қўя олмайди.

Қарор бўйича расмий овоз бериш 12 декабр куни Европа вақти билан соат 17:00 атрофида ўтказилиши режалаштирилган. Euractiv манбаларига кўра, Венгрия ва Словакия қарши овоз беришга тайёр, Белгия эса бетараф қолиши мумкин. Бироқ бу ҳолат қарор қабул қилинишига таъсир қилмайди, чунки зарур кўпчилик овозлар таъминланмоқда.

Амалда, Европа Иттифоқи ўзининг «минимал дастури»ни бажарди: Россия активлари Европа назоратида қолади ва улар учинчи томонлар, жумладан АҚШ томонидан ҳам, Брюссел розилигисиз ишлатилмайди. Бу, айниқса, АҚШ ва Россия томонидан кўрсатилаётган сиёсий босим фонида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, асосий масала ҳали очиқ қолмоқда. Украинага репарация кредити ажратиш учун ушбу активлардан гаров сифатида фойдаланиш алоҳида қарорни талаб қилади. Бу масалада Белгия позицияси ҳал қилувчи ҳисобланади. Энди Украина тарафдорлари Брюсселни бундай қарорга кўндириш учун янги ҳуқуқий ва молиявий механизм ишлаб чиқишига тўғри келади.

Теглар

Мавзуга оид