Европадан президентлар ташрифи, Самарқандда UNESCO конференцияси — Президентнинг иш режаси
Ҳафта ичида Ўзбекистонда бир қатор муҳим халқаро тадбирлар бўлиб ўтади. Президент матбуот котиби Шавкат Мирзиёевнинг шу ҳафтадаги иш режасини эълон қилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг эълон қилган маълумотларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иш ҳафтаси муҳим сиёсий, иқтисодий ва халқаро воқеаларга бой бўлади.
Бугун, 27 октябр куни давлат раҳбари жорий йилда иқтисодиётда кутилган натижалар ва 2026 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказади. Йиғилишда иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция ва инвестиция сиёсати бўйича устувор вазифалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Куннинг иккинчи ярмида Ш.Мирзиёев АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда Давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау бошчилигидаги делегацияни қабул қилади.
Суҳбат чоғида иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий барқарорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, бу ҳафта Ўзбекистон илк бор Париждан ташқарида ўтказилаётган UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилмоқда. Президент Мирзиёев Самарқанддаги очилиш маросимида иштирок этиб, маданият, илм-фан ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари суради. Унинг доирасида бир қатор икки томонлама учрашувлар ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, жорий ҳафта мамлакатимизга Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Финландия Республикаси Президенти Александр Стубб расмий ташриф билан келади. Сафарлар доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиёт, савдо, саноат ва инвестиция соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар муҳокама этилади.





