10 млн долларлик йўл ўпирилди, умра парвозига рухсат берилди, «қўқонлик табиб» қўлга олиндими? — Ҳафта дайжести

Bugun 18:246 daqiqa

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.




Сергелидаги хавфли «кўприк»

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги хавфли кўприк ижтимоий тармоқларда катта резонанс берди. Тарқалган видеоларда маҳалладан оқиб ўтувчи Жўнариқ канали устидаги кўприк олиб ташлангани туфайли ёш болалар мактабга бориш учун канал устидан ўтган қувур узра ҳаракатланаётгани акс этган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳудуддаги эски кўприк икки ой олдин авариявий ҳолатда экани сабабли бузиб ташланган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 6 март куни имзоланган қарорига кўра, Сергели тумани Юқори Дархон маҳалласидаги Жўнариқ канали устида янги кўприк қуриш учун 1 млрд 860 млн сўм маблағ ажратилган.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, канал устидаги қувур ўз жойида қолади, аммо ундан тахминан 50 метр масофада янги кўприк барпо этилади. Қайд этилишича, янги кўприк орқали ҳам пиёдалар, ҳам автомобиллар ҳаракатланиши мумкин бўлади. Аввалги кўприк эса ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, вақт ўтиши билан авариявий ҳолатга келиб қолган.

Мавзу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар мавзусига айлангач, янги кўприк қурилгунга қадар болалар мактабга қатнаши учун тез фурсатда вақтинчалик кўприк қуриб берилди. Бунда бир пайтлар Тошкент шаҳри кўчаларига ўрнатилган, кейин кесиб ташланган панжаралар асқотган.

 

100 йил хизмат қилиши айтилган йўл ўпирилиб тушди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасида қурилганига атиги 1,5 йил бўлган, 100 йил хизмат қилиши айтилган туннел йўли ўпирилиб тушди. 12 март куни содир бўлган ҳодиса чоғида бахтга кўра, атрофда ҳеч ким бўлмаган ва бировга жабр етмаган.

Маълумотларга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида 28 метрли йўл ўтказгични қуриш учун 128,6 млрд сўм (10 миллион доллар) маблағ ажратилган. Темур Малик кўчасининг 2 км қисмини таъмирлашни ўз ичига олган лойиҳа умумий қиймати салкам 200 миллиард сўмга баҳоланган.

Ўпирилиш видеоси Интернетда тарқалгач, воқеа жойига авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари зудлик билан юборилган. Шунингдек, шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳам ҳодиса жойига етиб борган.

Ҳодисага сабаб сифатида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар тахмин қилиняпти.

Янги йўл ўтказгич 2024 йилнинг августида очилган ва ўшанда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсонов бу йўл ўтказгич анъанавий бетон ва монолит конструкцияларга нисбатан енгиллиги, 30 фоизга арзонлиги, эксплуатация харажатлари камлиги ва хизмат муддати 100−120 йилга мўлжалланганлигини айтган эди.

 

Ўзбекистондан Умра парвозларига рухсат берилди

Бу ҳафтада Яқин Шарқдаги кескинлик сабаб Ўзбекистондан Саудия Арабистонига умра зиёрати учун парвозларга қўйилган чекловлар бекор қилинди. 10 мартдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларига икки томонлама йўловчи ташишга расман рухсат берилди.

Қарор ҳам маҳаллий, ҳам хорижий авиакомпанияларга тааллуқли.

Шунингдек, Саудия Арабистонига амалга ошириладиган рейсларда умра зиёратчилари учун қўшимча талаблар белгиланган. Зиёратчилар мавсум якунлангач мамлакатни ўз вақтида тарк этиши лозимлиги сабаб, аэропортларда қайтиш авиачиптаси мавжудлиги қатъий текширилади.

«Uzbekistan Airports» компанияси қайтиш чиптаси бўлмаган йўловчилар рўйхатини шакллантириб, ҳар куни «Ўзавиация» агентлигига тақдим этиб боради. Кейинчалик ушбу маълумотлар таҳлил қилиниб, тегишли давлат идораларига киритилиши айтилмоқда. Шунингдек, умра зиёратчилари ташуви фақат лицензияга эга туроператорлар орқали амалга оширилиши белгиланган.

Иқбол Солиев Озарбойжонда ушландими?

Ҳафта ичида Озарбайжонда қўлга олинган қўқонлик табиб Иқбол Солиев билан боғлиқ ҳолат ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. 12 март куни у Боку шаҳрида маҳаллий полиция томонидан ушлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Орадан кўп ўтмай табиб қўйиб юборилган. Маълум қилинишича, полиция бўлимида унга нисбатан қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарлик чоралари кўрилган ва шундан сўнг уни Озарбойжондан чиқариб юбориш таъминланган.

Хабарларга кўра, Иқбол Солиев Бокудаги «Bİ-ES VİP» эстетик клиникасида беморларни ўз услуби — «қўл энергияси» орқали даволаган. У ҳар бир қабул учун 60 манат (тахминан 430 минг сўм) миқдорида ҳақ олгани айтилмоқда. Шунингдек, клиника олдида юзлаб одамлар тўпланиб, катта навбатлар ҳамда тартибсизликлар юзага келгани ҳам хабар қилинди.

Аммо орадан кўп ўтмай, Иқбол Солиев оммавий ахборот воситалари ва блогерларга мурожаат билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, сиздирилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.

У бундай хабарни тарқатган ОАВ ва блогерлар устидан тегишли ташкилотларга арз қилишини айтган.

Аммо табиб қўлга олингани ҳақидаги маълумотни Озар матбуоти мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар қилган эди.

 

7 миллиардлик хато

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 2025-йил май ойидаги қарори билан 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, автомобил йўлларидаги йўналишларни ажратиш учун темир панжаралар ўрнатишга йўналтирилган эди. Бироқ айнан манашу панжаралар нотўғри ўрнатилган бўлиши ҳам мумкин.

Бу ҳақда, 12 март куни Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев VAQT.UZ журналистининг шаҳар кўчаларида панжараларнинг олиб ташланиши ва кейин ўрнатилиши нимага асослангани ҳақидаги саволига жавобан маълум қилди.

«Ҳар битта кўчалар кесимида ҳали ишлар охирига етмаган. Ҳар бирини қараб чиқяпмиз. Айрим ҳолатларда ростан ҳам панжаралар ўрнатилиши нотўғри бўлиши кутилмоқда. Ҳозир якуний хулосамиз йўқ. Биз ўзимиз учун устуворлик белгилаб олдик: қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак, қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак эмас», – деди Абдураҳмон Бахтиев.

 

Метанга чеклов

Бу ҳафта метанга вақтинча чеклов жорий қилинди. 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб Ўзбекистон Энергетика вазирлиги метан «заправкалар» фаолиятига чеклов қўйилганини маълум қилди.

Вазирликнинг хабар қилишича, бу чекловнинг асосий сабаби совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида табиий газга бўлган талабнинг ортиши бўлди. Шу сабаб магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда.

Бундай шароитда энг аввало аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Шу муносабат билан метан “заправкалар” фаолиятида вақтинча чеклов жорий қилинди.

Чеклов 14 март кунидан бошлаб бекор қилинди. Демак, кунлар чиндан ҳам исий бошлайди.

 

Мўжтабо мурожаат йўллади

Бу ҳафта Эроннинг янги раҳбари Мўжтабо Хоманаий олий лавозимга сайланганидан сўнг илк маротаба халққа мурожаат қилди. Унинг баёноти давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилди.

Хоманаий мурожаатида Эрон ташқи тажовузларга таслим бўлмаслиги ва душманга босим ўтказиш мақсадида Ҳўрмуз бўғозини блоклаш чорасидан фойдаланишда давом этиши лозимлиги таъкидланган.

Шу билан бирга, у Эрон қўшни давлатлар билан дўстона сиёсат олиб бориши, аммо уларга Америкага қарши Эроннинг нишонларига айланган базаларни ёпишни маслаҳат берган.

Мурожаатда ҳалок бўлган эронликлар, жумладан Минобдаги қизлар мактабида вафот этганлар учун қасос олиниши, шунингдек, АҚШ ва Исроилдан ҳужумлар вақтида етказилган зарар учун товон талаб қилиниши ҳам маълум қилинди.

 

Геликдаги шоввозлар

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган шоввозлардан бири яна диққат марказига тушди. Тошкентда Mercedes-Benz (Gelendvagen) машинасини соатига 222 км тезликда ҳайдаган ва унга ноқонуний «мигалка» ўрнатган икки ёш йигит 15 суткага қамалди.

Уларга майда безорилик ва ички ишлар ходимининг қонунли талабларини бажармаслик бўйича маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Икки фуқаро март ойи бошида Сергели тумани, Файзий кўчасида машиналарга «мигалка» ўрнатиб, бир вақтда 210, яна бир вақтда 222 км/соатдан юқори тезликда ҳаракат қилган ва йўл қоидаларини бузган. Улар билан профилактик суҳбат ўтказилган ва қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар судга тақдим этилган.

Чилонзор туман суди қарори билан уларга майда безорилик айблови асосида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 32

Barchasi

Mavzuga oid