10 йил кечиккан қарор: мопед ва скутер ҳайдовчилари учун ниҳоят енгиллик яратилди

27.10.2025 | 21:305 daqiqa

Жамоатчиликнинг танқидларидан кейин мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги «A1» тоифаси жорий этилади. Аслида эса бу қарор кечиккан — чунки дунёнинг кўплаб давлатлари бундай қўшимча тоифаларни анча аввал амалга киритган эди.

10 йил кечиккан қарор: мопед ва скутер ҳайдовчилари учун ниҳоят енгиллик яратилди

Танқидлардан сўнг, Вазирлар Маҳкамаси «Транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Энди мопед ва скутер эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби соддалаштирилади, шунингдек, янги «A1» тоифаси жорий этилади.

Янги тартибга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун мажбурий тарзда назарий ва амалий курсларни ўташ талаб этилмайди — талабгорлар тўғридан-тўғри имтиҳон топширади. 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган ушбу ўзгаришлар «A» тоифасига нисбатан анча енгил бўлади. Имтиҳонда 20 та тестдан 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя. Илгари 20 тадан 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб этиларди.

Шунингдек, «A», «B», «C» ёки «D» тоифасига эга ҳайдовчилар учун алоҳида «A1» олиш талаби бекор қилинади — улар скутер ва мопедларни бевосита бошқариши мумкин бўлади.

Мазкур қарор жамоатчиликнинг давомли танқидларидан кейин қабул қилинди. Чунки октябр ойи бошида кучга кирган аввалги тартиб 130 мингдан ортиқ курьерлар ва етказиб берувчиларнинг ишини тўхтатган эди. Vaqt.uz ўшанда курьерлар фикрини ўрганганида, уларнинг аксарияти «права» тизимига қарши эмаслигини, бироқ амалда нархлар қимматлиги ва ўқиш тизими мураккаб эканини таъкидлаган эдилар.

1


Қашқадарёлик курьер Бунёд Мустафоёв шундай деган эди: «Рақам олиш ва права учун 6 миллион сўм кетади. Рўзғордан ортиб, бунча ортиқча маблағни тўплаш учун камида уч ой вақт кетади. Агар нархлар арзонлашса ёки муддат чўзилса, халқ ўқийди», — деган у.


2

Жиззахдан келиб ишлайдиган талаба йигит Бекзод Сайдуллаев эса ўқиш имкониятларининг чеклангани ва тизим тайёр эмаслигидан шикоят қилган:
«A тоифага ўқиш фақат “Ватанпарвар”да бор, бошқа жойларда йўқ. Ўқиш тизими йўлга қўйилмасдан “права” талаб қилиш — адолатдан эмас», — деган у.


3


Илҳомжон Назаров эса Фарғонадан келиб оила боқиш учун ишлашини ва бу қарор сабабли даромади кескин камайганини айтган эди: «Аввал бензинли мотороллерда ишлардим, ҳозир электр велосипедда юряпман. Ҳафтасига 500 минг сўм ижара тўлайман. Беш кун ўзим учун, икки кун велосипед учун ишлаяпман», — деган у. Шунингдек, ҳамкасбларининг ярми Россияга ишлашга кетганини ҳам қўшимча қилган.

Уларнинг айтишича, «права»га оид қарор молиявий аҳволларига салбий таъсир кўрсатган, лекин нархлар, ўқиш жойлари ва имтиҳон тизимининг мураккаблиги вазиятни оғирлаштирган.

Дунё аллақачон ҳайдовчилик гувоҳномаларига қўшимча тоифалар киритиш тизимига ўтган ва бу халқаро стандарт сифатида эътироф этилган. Ўзбекистонда эса бу ўзгаришлар эндигина бошланмоқда — яъни камида 10 йил кечиккан ҳолда.

2011 йил 29 мартдан бошлаб «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Вена конвенциясида ҳайдовчилик тоифаларига оид талаблар янгиланган. Аммо Ўзбекистонда бу ўзгаришлар деярли инобатга олинмаган. Ҳатто 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган янги йўл ҳаракати қоидаларида ҳам халқаро меъёрлар тўлиқ акс этмаган. Айниқса, скутер ва мопедлар билан боғлиқ масалалар «эътибордан четда қолган»дай кўринади.

Вена конвенциясининг янгиланган талабларига кўра, двигатели ҳажми 50 куб сантиметрдан 125 куб сантиметргача бўлган енгил мотоцикллар учун алоҳида «A1» тоифа жорий этилиши керак. Бу нафақат халқаро нормалар талаби, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда транспорт воситалари эгалари ҳуқуқларини аниқ белгилаш учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Қўшни мамлакатлар — Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аллақачон бу тизимни амалиётга татбиқ этган. Бундан ташқари, ўрганишларимиз давомида Туркия, Озарбайжон ва Украина ҳам скутер ва мопед ҳайдовчилар учун қўшимча тоифа аллақачон амал қилаётганлигини аниқладик.

Давлатларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари

4

Қозоғистон ҳайдовчилик гувоҳномаси

5

Қирғизистон ҳайдовчилик гувоҳномаси

6

Тожикистон ҳайдовчилик гувоҳномаси

7

Украина ҳайдовчилик гувоҳномаси

8

Озарбайжон ҳайдовчилик гувоҳномаси

9

Туркия ҳайдовчилик гувоҳномаси


Таҳлил жараёнида қизиқарли ҳолат аниқланди: Ўзбекистоннинг амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси Россиянинг эски намунаси билан деярли бир хил. Дизайн, тоифалар жойлашуви ва белгиларда сезиларли ўхшашлик бор. Бироқ Россия Федерацияси ҳам янгиланган талабларга мос равишда тизимни ўзгартирган. 2020 йил 1 декабрдан бошлаб янги версияга ўтган ва қўшимча тоифалар жорий этилган. Ўзбекистонда эса бу борада ҳали фақат илк қадамлар ташланмоқда.

0

Россия ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски версияси)

-

Россия ҳайдовчилик гувоҳномаси (янги версияси)

Халқаро мажбуриятлар эътиборсиз қолган

Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунда аниқ кўрсатма мавжуд: «Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади». Яъни, агар Ўзбекистон Вена конвенциясини ратификация қилган бўлса — унинг қоидаларини бажариш мажбурийдир.

Эслатиб ўтамиз, 1968 йил 8 ноябр куни Австрия пойтахти Вена шаҳрида қабул қилинган ушбу конвенция Ўзбекистон томонидан ҳам ратификация қилинган.

Вена конвенциясига кўра, «A1» тоифа 50 куб сантиметрдан 125 куб сантиметргача бўлган енгил мотоцикллар учун, «A» тоифа эса ундан каттароқ қувватли мотоцикллар учун мўлжалланган.

Демак, «A» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бутун дунёда фақат мотоциклларни бошқариш учун берилади. Двигатели ҳажми 50 куб сантиметрдан кичик бўлган скутер ва мопедларни бошқариш учун эса ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳукуматнинг мазкур қарори кечиккан бўлса-да, Ўзбекистонда йўл ҳаракати тизимини халқаро талабларга яқинлаштириш сари ташланган муҳим қадамдир. Аммо бу ўзгаришлар камида ўн йил аввал амалга оширилиши керак эди — чунки мамлакат Вена конвенцияси талабларини қабул қилган бўлса-да, уларни амалга жорий этишда сусткашликка йўл қўйилган. 

«A1» тоифанинг жорий этилиши ва имтиҳон талабларининг енгиллаштирилиши минглаб курьерлар ва мопед ҳайдовчилари учун қулайлик яратади. Бироқ қарор самараси имтиҳон тизимининг мураккаблиги, ўқув марказлари етишмаслиги ва хизмат нархларининг баландлиги каби муаммолар ҳал этилмас экан, тўлиқ ҳис этилмайди. Ўн йил кечиккан бу ислоҳот — фақат бошланиш, аммо унинг ҳақиқий натижаси ижро интизоми, амалиётдаги одилона ёндашув ва фуқаролар манфаатини устувор қўйиш билан белгиланади.

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 82

Barchasi

Mavzuga oid