127 минг доллар ундирилди — Россияда қийин аҳволда қолган 100 дан ортиқ ўзбекистонликка ёрдам берилди

Bugun 08:252 daqiqa

Россияда тўрт ой давомида маошсиз ва озиқ-овқатсиз қолган 105 нафар ҳамюртимизнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди. Миграция агентлиги ва консулхона саъй-ҳаракати билан иш берувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, маошларнинг бир қисми ундириб берилди.

127 минг доллар ундирилди — Россияда қийин аҳволда қолган 100 дан ортиқ ўзбекистонликка ёрдам берилди

Россия Федерациясида меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ишчи иш берувчи томонидан алдаб келингани маълум бўлди. Ишчилар тўрт ой давомида иш ҳақи олишмаган, бунинг устига озиқ-овқат таъминоти ҳам тўхтатиб қўйилган. Умумий қарздорлик миқдори қарийб 24 миллион рублни (тахминан 324 минг АҚШ доллари) ташкил этган. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги хабар бермоқда.

Вазият шу даражага етганки, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли айрим ҳамюртларимиз ноқонуний мигрант ҳолатига тушиб қолишган. Ишчилар Миграция агентлигига мурожаат қилгач, тезкор дипломатик ва ҳуқуқий жараёнлар бошланди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги ваколатхонаси адвокатларни жалб қилди ва Бош консулхона орқали Россиянинг тегишли органларига расмий нота юборилди. Натижада, иш берувчиларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 145.1-моддаси (иш ҳақини тўламаслик) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бугунги кунга келиб, 105 нафар ватандошимизга 9,4 миллион рубл (тахминан 127 минг доллар) миқдоридаги маошлари тўлаб берилди. Қолган 23,9 миллион рубл миқдоридаги қарздорлик эса жорий йилнинг 15-майига қадар тўланиши белгиланди.

 

Ватанга қайтиш ва моддий кўмак

Ҳуқуқий чоралар билан биргаликда, ишчиларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилди. Хусусан, ҳамюртларимиз учун озиқ-овқат таъминоти қайта тикланди. Мамлакатда қолиш имкони бўлмаган ва ноқонуний ҳолатга тушиб қолган фуқаролар Миграция агентлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди. Ҳозирда уларга ватанга қайтганидан сўнг белгиланган тартибда моддий ёрдам ажратиш жараёни бошланган.

Ушбу муваффақиятли амалиёт Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг яқин ҳамкорлиги натижасидир. Мутахассислар хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда дарҳол расмий ваколатхоналарга мурожаат қилишга чақиради.

Teglar

Mavzuga oid