200 млрд сўмлик зарар, ОАВга чеклов, 30 судланувчи — Бекмурод Абдуллаев суди
Огоҳлантиришсиз Юнособод туман суди биносига кўчирилган ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари ва бошқаларга оид еттинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд аввалида ОАВ фаолиятига тақиқ қўйилиб, суд ёпиқ тарзда кўрилиши белгиланди.

Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга оид жиноят иши кўриб чиқилиши давом этмоқда. ЖИБ Юнусобод туман суди биносида кўрилаётган ишда вазирнинг собиқ ўринбосаридан ташқари Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов билан бирга яна 28 киши судланмоқда.
Эътиборлиси, Янгиҳаёт туман суди биносига белгиланган Бекмурод Абдуллаев ва бошқаларга оид суд огоҳлантиришсиз Юнусобод туман суди биносига кўчирилган. Бунга сабаб қилиб суд зали катталиги келтирилган.
Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари ва 167-модда 3-қисми «а», «б», «в», «г» бандлари билан айбланмоқда. Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов эса Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 167-модда 3-қисми «а», «в» бандлари ҳамда 205-модда 2-қисми «а», «б» бандлари билан айбланмоқда. Судланувчилар жами 30 нафар бўлиб, улардан 17 нафарига нисбатан қамоқ, қолганларига турли эҳтиёт чоралари қўлланган.
Судья ёрдамчисига кўра, 29-июль куни еттинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд аввалида ОАВ вакиллари иштирокига адвокатлар қаршилик билдирди. Адвокатлардан бири суд жараёнида давлат сири билан боғлиқ маълумотлар борлигини айтиб, суддан ОАВ фаолиятига рухсат бермасликни сўради. Судя Санжар Махаметов тарафларни тинглаб, суд ёпиқ тарзда кўрилиши ҳақида ажрим чиқариб, журналистлар иштирок этиши мумкин эмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 27-январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ИИВ тизимида давлат харидлари давомида 186 млрд сўм бюджет маблағларининг ўзлаштирилгани аниқлангани ҳамда бу иш доирасида ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга қарши жиноят иш қўзғатилганини айтганди.
Апрел ойида Бекмурод Абдуллаев озодликка чиққани маълум қилинди. Аниқланишича, у етказилган 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни нақд пул шаклида тўлаб берганидан сўнг, унга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.
Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов ким эди?
2025-йилнинг ноябрь ойи бошида Ўзбекистон президентининг қарори билан Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан, президент фармойиши билан Рустам Раҳмонович Турсунов Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган эди.
Бекмурод Абдуллаев 2021-йилнинг апрель ойида президентнинг тегишли қарорига асосан ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Унгача у Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
2025-йилнинг ноябрь ойи бошида президентнинг қарори билан Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган.
Рустам Турсунов эса Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган ва 2021-йилнинг февраль ойида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди. У ҳам ўтган йил ноябрь ойида президент фармойиши билан Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 90 млн доллар зарар келтирган «Корея иши»нинг бир қисми бўйича суд 29-июлда бошланиши ҳақида ёзган эдик.





