2025 йилда ҳаво транспорти орқали қарийб 10 млн нафар йўловчи ташилган

Bugun 18:001 daqiqa

25 йил ичида Ўзбекистонда авиайўловчилар сони 6,5 баробарга кўпайган.

2025 йилда ҳаво транспорти орқали қарийб 10 млн нафар йўловчи ташилган

Миллий статистика маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда ҳаво транспорти орқали қарийб 9,7 млн нафар йўловчи ташилган.

Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 8,2 млн нафарга ёки қарийб 6,5 баробарга кўп.

Расмий маълумотларга кўра, 2000 йилда ҳаво транспорти орқали 1,5 млн нафар йўловчи ташилган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич бир қатор иқтисодий ва бозор омиллари таъсирида турлича ўзгариб борган. Масалан, 2002 ва 2003 йилларда авиайўловчилар сони 0,8 млн нафаргача тушган.

2006 йилдан бошлаб ҳаво транспортидан фойдаланиш яна ўсишни бошлади. 2007 йилда йўловчилар сони 1,4 млн нафарга етган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 1,9 млн нафарни ташкил этган. 2011–2013 йилларда эса авиайўловчилар сони 2–2,5 млн нафар атрофида шаклланган.

2014–2017 йилларда ҳаво транспорти орқали ташилган йўловчилар сони нисбатан барқарор бўлиб, ўртача 2,1–2,3 млн нафарни ташкил этган. 2018 йилдан бошлаб эса ўсиш суръати яна тезлашиб, 2019 йилда 3,2 млн нафар йўловчи қайд этилган.

2020 йилда пандемия таъсирида авиақатновлар кескин қисқариб, йўловчилар сони 0,9 млн нафаргача тушиб кетган. Бироқ кейинги йилларда соҳа тез тикланди: 2021 йилда 3 млн нафар, 2022 йилда 4,1 млн нафар, 2023 йилда 5,3 млн нафар йўловчи ташилган.

Сўнгги икки йилда ўсиш янада жадаллашди. 2024 йилда авиайўловчилар сони 6,8 млн нафарга етган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 9,7 млн нафарни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid

2025 йилда ҳаво транспорти орқали қарийб 10 млн нафар йўловчи ташилган | Vaqt.uz