Logo

2026-йил охиригача «Uzbekistan Airways»нинг 15-20 фоиз акцияси IPO орқали сотилади

Bugun 15:104 daqiqa

Миллий авиакомпания учун ишлаб чиқилган 115 та трансформация чораси тўлиқ амалга оширилса, «Uzbekistan Airways»нинг йиллик операцион даромадлари 120 миллион долларгача ошиши мумкин.

2026-йил охиригача «Uzbekistan Airways»нинг 15-20 фоиз акцияси IPO орқали сотилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Президент Шавкат Мирзиёев «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамиятини трансформация қилиш ва IPO'га тайёрлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Ўтган ойда Миллий инвестиция жамғармаси илк бор халқаро бозорда 690 миллион долларлик активларни жойлаштирди. Бу орқали Ўзбекистон глобал капитал бозори қоидалари асосида ишлашга тайёр экани ҳақида муҳим сигнал берилди. Жойлаштириш жараёнида талаб таклифдан 4 баробар юқори бўлиб, йирик инвесторлар томонидан қарийб 3 миллиард долларлик буюртмалар берилди.

Энди жамғарма портфелидаги 13 та йирик компанияда трансформация жараёнларини тезлаштириб, уларни IPO'га тайёрлаш вазифаси турибди. Жумладан, «Uzbekistan Airways», «SQB», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ўзбектелеком» бўйича ишларни шу йилнинг ўзида якунланиши мақсад қилинган.

Тақдимотда «Uzbekistan Airways» АЖ мисолида мазкур жараёнларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

«Franklin Templeton” вакиллари томонидан миллий авиакомпаниянинг фаолияти диагностикадан ўтказилиб, 115 та чора-тадбирдан иборат трансформация дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастур тўлиқ амалга оширилса, компаниянинг операцион даромадларини бир йилда 120 миллион долларга ошириш имкони борлиги ҳисоб-китоб қилинган.

Жумладан, маршрутларни оптималлаштириш, тўғридан-тўғри сотувларни ошириш ва мижозлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, парвозлар орасидаги вақтни қисқартириш, рейсларни бекор қилиш ҳолатлари ва кечикишларни камайтириш, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатиш каби тизим корхоналари самарадорлигини ошириш, бозордаги вазиятга тезкор мослашиш ва малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳисобидан қўшимча даромад олиш мумкинлиги қайд этилди.

Бу чоралар натижасида авиакомпаниянинг бозор қийматини 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард долларгача ошириш имкони мавжуд. Шу билан бирга, дастур ишлаб чиқилганига бир неча ой бўлганига қарамай, уни амалга ошириш ишлари суст бораётгани кўрсатиб ўтилди.

Йил якунигача миллий авиакомпаниянинг 15-20 фоиз акциясини халқаро IPO орқали сотиш мақсад қилинган. Бунинг учун компания фаолиятини холис баҳолаш, унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, махсус ҳаво кемаларини компания балансидан чиқариш, давлат буюртмаси асосида бажарилган хизматларни қоплаш механизмини жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилиши белгиланди.

Тақдимотда туризм соҳасидаги юқори ўсиш суръатлари авиакомпания олдига янги талаблар қўяётгани ҳам қайд этилди. Йил бошидан мамлакатимизга келган туристлар сони 27,5 фоизга ошиб, қарийб 5,5 миллион нафарга етди. Айниқса, Хитой, Малайзия, Япония ва АҚШдан келаётган сайёҳлар сони сезиларли кўпайган.

Айни пайтда миллий авиакомпания бу ўсишга етарлича тез мослаша олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Самолётлар паркини кенгайтириш ишларида кечикишлар мавжуд.

Шу боис, авиакомпанияда харидлар тизимини алоҳида тартиб асосида ташкил этиш, самолётлар паркини кенгайтириш бўйича қарорларни тезкор қабул қилиш ва бу жараёнларда халқаро амалиётни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Президентимиз Тошкентни Марказий Осиёнинг йирик авиахабига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бунинг учун «Uzbekistan Airways», «Uzbekistan Airports» ва «Yangi Toshkent» аэропорти ўртасидаги ҳамкорликни ягона тизим асосида мувофиқлаштириш, инфратузилма, йўналишлар ва транзит тармоғини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга Миллий инвестиция жамғармаси портфелидаги корхоналар трансформациясини тизимли ташкил этиш учун алоҳида лойиҳа офисини ишга тушириш, компаниялар бошқарув органларига халқаро молия бозорлари талабларини яхши биладиган, амалий тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш, ҳар бир корхона бўйича IPO'га тайёргарликнинг аниқ графигини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назорат қилиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 25 февралда қабул қилинган ПҚ–74-сонли қарорга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклиф орқали сотилиши маълум қилинган эди. 29 апрел куни эса Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) 30 фоиз улуши учун IPO бошланганини эълон қилди. Акцияларнинг илк марта оммавий чиқарилиши London Stock Exchang ва Тошкентда икки томонлама, «дуал листинг» кўринишида ўтказилди.

IPO доирасида оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатлар (GDR) таклиф этилди. Таклиф қилинган барча қимматли қоғозлар жамғарманинг ягона акциядори ҳисобланган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотувга чиқарилди. Жами 1,56 трлн дона акция таклиф қилинди, бу жамғарма акциядорлик капиталидаги 31 фоиз улушга тўғри келади. Битта глобал депозитар тилхат 64 700 та акцияга тенг қилиб белгиланди. Тошкент фонд биржасида қарийб 47,9 млрд дона акция сотилди.

Жисмоний шахслар учун акция нархи 4,65 сўм қилиб белгиланган бўлиб, 12 млрд сўмгача буюртма берган инвесторларга 5 фоизлик чегирма қўлланилди. Натижада улар акцияларни 4,41 сўмдан харид қилди.

London Stock Exchang биржасида эса 1,5 трлн донага яқин акция 23,4 млн дона глобал депозитар тилхат — ГДР шаклида жойлаштирилди. Ҳар бир ГДР нархи 25 доллар қилиб белгиланди. Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси қарийб 603,6 млн долларни ташкил этди. Барча қимматли қоғозларни амалдаги акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сотгани сабабли, компаниянинг ўзи IPO маблағларини олмайди.

Шунингдек, келгуси 30 кун ичида қўшимча жойлаштириш опциони доирасида яна 3,5 млн донагача ГДР сотилиши мумкин. Агар ушбу механизм тўлиқ ишга туширилса, IPO доирасида сотилган улуш 35 фоизгача, жалб қилинган маблағ ҳажми эса 692 млн долларгача етади. Бирламчи жойлаштириш нархидан келиб чиқиб, Миллий инвестиция жамғармасининг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларга баҳоланди.

Teglar

Mavzuga oid