2026 йилда давлат бюджети харажатларига 402,4 трлн сўм ажратилиши мумкин
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Фуқаролар учун бюджетнинг 2026-йилги лойиҳасига кўра, келгуси йил давлат бюджетидан энг кўп маблағ таъли ва соғлиқни сақлашга йўналтирилади.

Ўзбекистон давлат бюджетининг 2026 йил учун харажатлари 402,4 трлн сўм ёки ЯИМнинг 20,4 фоизи (2025 йилда 388,9 трлн сўм ёки ЯИМнинг 22,6 фоизи бўлиши кутилмоқда) этиб
прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 2026 йил учун давлат бюджети параметрлари ва солиқ сиёсати лойиҳасида келтирилган.
Фуқаролар учун бюджет лойи=асида келтирилишича, келгуси йилда ижтимоий харажатларга 220 тлрн сўм йўналтирилади, бу ўз навбатида жами Давлат бюджети харажатларининг қарийб 54,7 фоизини ташкил этади.
Аввалги йиллар каби ижтимоий харажатларнинг аксарият қисмини таълим харажатлари (45,6 фоиз) ташкил этмоқда.2026 йилда таълимга 100,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, 2025 йилда кутилаётган харажатларга нисбатан 8,1 трлн сўмга кўпроқни ташкил этади.
2026 йил учун мактабгача таълим соҳаси харажатлари 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим тизимига камров даражасини оширишни, боғчаларда соғлом овқатлантиришни таъминлаш ва мактабгача таълимни янада ривожлантириш бошқа муҳим тадбирларни ҳисобга олган ҳолда режалаштирилган. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонининг ортиши ва ушбу соҳада давлат хусусий шерикликнинг янада ривожланиши ҳисобига болаларни мактабгача таълим билан қамровини ошириш режалаштирилган.
Умумий ўрта таълим харажатлари Давлат бюджети харажатларининг 15,8 фоизини ташкил этади. Олий таълим қамровини ва таълим сифатини ошириш мақсадига мувофиқ олий таълим учун 7,3 трлн сўм бюджет маблағлари ажратилиши режалаштирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳаси бюджети ҳам салмоқли даражада оширилиб, 48,9 трлн сўм ажратиш режалаштирилган. Бу маблағ тиббий муассасаларни модернизация қилиш, аҳолини профилактик хизматлар билан қамраб олиш ва тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилашга қаратилган. Соғлиқни сақлаш бюджетида юқори улушни иш ҳақи харажатлари, жумладан унга ажратмалар ташкил этади. 2026 йилда ушбу мақсадлар учун 32 763,6 млрд сўмни ажратиш режалаштирилган.
Ривожлантириш дастурлари учун эса 35,8 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, улар иқтисодий ўсишни тезлаштириш, инфратузилмани янгилаш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Бюджетда капитал қўйилмалар ҳам муҳим ўрин тутади — қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари учун 9,99 трлн сўм ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар мактаблар, шифохоналар, йўллар, муҳандислик инфратузилмаси ва бошқа объектларни модернизация қилишга сарфланади.
Шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига 39,6 трлн сўм миқдорида трансфертлар йўналтирилади. Пенсия жамғармасига — 23 трлн сўм, таълим кредити жамғармасига — 2 трлн сўм, давлат тиббий суғуртаси жамғармасига эса 1,68 трлн сўм ажратилиши белгиланган.
Бюджет маблағлари таркибида ҳудудларга ажратиладиган тартибга солувчи трансфертлар ҳам катта аҳамиятга эга. Республиканинг барча ҳудудлари, жумладан, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари учун 19,65 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.





