Logo

2027-йилда «Enterprise Uzbekistan» ва Тошкент халқаро молия маркази ишга туширилади

Bugun 12:552 daqiqa

Ушбу марказлар Ўзбекистонга 20–25 миллиард долларлик сармоя, илғор технологиялар ва янги билимларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

2027-йилда «Enterprise Uzbekistan» ва Тошкент халқаро молия маркази ишга туширилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда иқтисодий ўсишга туртки берадиган йирик саноат, инфратузилма ва молиявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда келгуси йилда бир қатор стратегик объектлар ишга туширилишини маълум қилди.

2027-йилда Тошкент халқаро молия маркази ҳамда «Enterprise Uzbekistan» халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади. Ушбу икки марказ орқали мамлакатга 20–25 миллиард долларлик капитал, янги билим ва замонавий технологияларни жалб қилиш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатнинг турли ҳудудларида иқтисодиёт учун муҳим бўлган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар энергетика, саноат, транспорт, логистика ва инфратузилма соҳаларини қамраб олади.

Йирик лойиҳалар бошланади

Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда тўртинчи мис бойитиш фабрикаси барпо этилмоқда. «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» йўналишларида замонавий автомобиль йўллари қурилиши ҳам йирик лойиҳалар қаторига киради.

Хоразмда экологик авиаёқилғи ишлаб чиқариш мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона, Юқори Чирчиқда эса Янги Тошкент аэропорти қурилмоқда.

Жорий йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасини бошлаш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакат бўйлаб жами 3 миллион аҳолига мўлжалланган янги турар жой массивлари барпо этилмоқда.

Президент маҳаллий тадбиркорларга ушбу йирик лойиҳаларда иштирок этиш учун хорижий инвесторлар билан тенг шароит яратилишини таъкидлади.

Логистика тармоғи кенгаяди

Транспорт ва логистика соҳасида ҳам янги енгилликлар жорий қилинмоқда. Юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди. Халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи «ноль» ставкада қўлланилади.

Келаси йил Грузиянинг Поти портида йилига 500 минг тонна қувватга эга логистика маркази ишга туширилади. Анаклия порти бўйича ҳам амалий ишлар бошланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон ва Хонободда йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади. Бу лойиҳалар ташқи бозорларга чиқиш ва юк ташиш инфратузилмасини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid