246 триллион сўмлик хуфиёна иқтисодиёт: Ўзбекистонда бизнес тўлиқ хатловдан ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган миллий статистика ислоҳоти доирасида носоғлом рақобатга барҳам бериш мақсадида 15 октябрдан 30 ноябргача республика бўйлаб бизнес субъектлари хатловдан ўтказилади.
© Foto: president.uzЎзбекистонда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этди ва мамлакатдаги кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 246 триллион сўмга етди. Миллий статистикада маълумотларни бошқаришнинг янги модели доирасида жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бутун мамлакат бўйлаб бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти давомида маълум қилинди.
«Мамлакатимиз аҳолиси 1989 йилдан буён қарийб икки баробар, иқтисодиётимиз эса сўнгги саккиз йилда икки карра ўсди. Бундай ўзгаришлар аҳоли таркиби, яшаш манзиллари, ер ресурслари, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат манбалари тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларга бўлган эҳтиёжни оширди», — дейилади хабарда.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги статистикасидаги кескин ўзгаришлар
Дастлабки натижаларга кўра, амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилган.
Маълум бўлишича, эски статистика билан солиштирилганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланди. Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам бўлиб чиққан. Бухоро вилоятида эса кўрсаткичлар деярли ўзгармаган.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам катта тафовутлар юзага чиққан. Рўйхатга олиш натижасида ҳисобда умуман акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилди. Ушбу ерларнинг 789,5 минг гектари экин ерлари, қолган қисми эса иссиқхоналар, боғлар, токзорлар ва балиқчилик ҳавзаларига тўғри келиши маълум қилинди.
Жараёнларнинг рақамлаштирилгани ҳисобига рўйхатга олиш харажати аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмаган. Бу МДҲ давлатларидаги кўрсаткичларга нисбатан 15 баробар кам. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистон ушбу жараённи 15 кунда якунлаб, рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган.
Яширин иқтисодиёт ва носоғлом рақобат муҳити
Тақдимотда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бунинг 60 фоизи бевосита қишлоқ хўжалиги сектори ҳиссасига тўғри келади.
«Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти», — дейилади ҳисоботда.
Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламаётгани ёки фаолиятини тўхтатгани қайд этилган. Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолаётгани маълум бўлди.
Шу муносабат билан 15 октябрдан 30 ноябрга қадар мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилади. Уларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади.
2030 йилгача мўлжалланган ислоҳотлар ва сунъий интеллект интеграцияси
Миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш режасига кўра, тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш ва маълумотларга ишлов бериш харажатларини 25 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Янги тизим доирасида вазирлик ва идоралар иштирокида Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинди. Комиссия 1 декабрга қадар давлат органларидаги маълумотларни бошқариш тизимларини тўлиқ хатловдан ўтказади.
«2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформаси ишга туширилади ва статистик маълумотлар сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилинади», — дея таъкидланади тақдимотда. Шунингдек, 2027 йил якунига қадар аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва демографияга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилади.
Тақдимот якунида Давлат раҳбари аниқ ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш ва тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлаб, миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида изчил ривожлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.





