29 та корхона биржа савдоларидан четлаштирилди — Рақобат қўмитаси

Bugun 11:552 daqiqa

Ички бозорда буғдой маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш бўйича ўтказилган мониторинглар натижасида 29 та субъект қонунбузарлик учун биржа савдоларидан четлаштирилди.

29 та корхона биржа савдоларидан четлаштирилди — Рақобат қўмитаси

Ўзбекистонда ички бозорда буғдой ва ун маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида қатор қонунбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, буғдой ва ун маҳсулотлари юқори ликвидли ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга товарлар қаторига киритилган бўлиб, уларни сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган. Шу боис Қўмита томонидан ушбу маҳсулотлар реализацияси доимий равишда таҳлил қилиб борилмоқда.

Мониторинглар давомида давлат ресурси ҳисобидан харид қилинган буғдойдан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларини биржа савдоларига чиқармаслик ҳолатлари кузатилган. Қонунчиликка кўра, бундай маҳсулотлар белгиланган ҳажмларга мувофиқ равишда биржа орқали сотилиши шарт.

Аниқланган қонунбузарликлар асосида 2026 йил 3 апрелдан бошлаб 29 та корхона биржа савдоларидан четлаштирилди. Улар давлат ресурси буғдойидан ишлаб чиқарилган унни биржа орқали сотиш талабларини бажармаган ёки тўлиқ таъминламаган.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чораги якунига кўра, 25 та ун ишлаб чиқарувчи корхонага нисбатан иш қўзғатилди. Уларга нисбатан тегишли таъсир чораларини қўллаш бўйича қарорлар қабул қилинган.

Қўмита таъкидлашича, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларида шаффофлик ва интизом қатъий назорат остида сақланади. Белгиланган тартиблар бузилган тақдирда эса қонун доирасида кескин чоралар кўрилади.

Ҳозирда давлат ресурси буғдойини харид қилган корхоналар фаолияти ва маҳсулотлар реализацияси бўйича мониторинг ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid