4 ой ичида 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижга сафар қилди
Ўзбекистонлик сайёҳлар учун ҳамон қўшни мамлакатлар энг оммабоп йўналиш бўлиб қолмоқда.

2026 йил январ–апрел ойларида Ўзбекистон фуқароларининг хорижий сафарлари сезиларли даражада ошди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу давр мобайнида 2 миллион 200 минг 530 нафар фуқаро туристик мақсадларда мамлакат ташқарисига чиққан. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда қарийб 83,7 минг кишига кўпайган.
Мазкур ўсиш аҳолининг халқаро сафарларга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Энг кўп сафар қилинган давлатлар
Ҳисоботга кўра, ўзбекистонликлар энг кўп қўшни мамлакатларга сафар қилган. Рўйхатда биринчи ўринни Қирғизистон эгаллаган бўлиб, ушбу давлатга 899 минг 4 нафар фуқаро борган.
Шунингдек, Тожикистонга 388 минг 452 нафар, Қозоғистонга 354 минг 859 нафар фуқаро сафар қилган. Кейинги ўринларда Саудия Арабистони ва Россия қайд этилган.
Энг оммабоп йўналишлар ўнталигига Туркия, БАА, Хитой, Таиланд ва Миср ҳам кирган.
Жумладан, жорий йилнинг январ ойида Таиландга 6 минг 890 нафар Ўзбекистон фуқароси ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 6 минг 478 нафари туристик мақсадда сафар қилган.





