819 млн сўмлик олтин қуймаларини ноқонуний олиб чиқишга уриниш фош этилди
Андижон вилоятида қарийб ярим килограмм олтинни чегара орқали яширинча олиб чиқишга уриниш тўхтатилди.

Андижон вилоятида 473 грамм олтин қуймаларини Қирғиз Республикасига ноқонуний олиб чиқишга уриниш фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Балиқчи туманида яшовчи 1985 йилда туғилган аёл ва унинг 2006 йилда туғилган қизи умумий қиймати 819 млн сўмлик 7 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймаларни кийимлари остига яширган. Улар ушбу қимматбаҳо металлни Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» чегара божхона пости орқали олиб ўтмоқчи бўлган вақтда тўхтатиб қолинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси, яъни божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузишнинг 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирмоқда. Қайд этилишича, мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.





