Афғонистон-Покистон уруши ҳам давом этмоқда: «Толибон» Кобул устида самолётга ўт очганини маълум қилди
Бугун, 1 март куни Кобулда портлашлар ва ўқ овозлари эшитилди. «Толибон» буни пойтахтда Покистон самолётларига қарши ҳаво мудофаа зарбалари амалга оширилгани билан изоҳлади.

Покистон билан Афғонистондаги «Толибон» ҳарбий кучлари ўртасидаги тўқнашувлар бугун, 1 март куни учинчи кунга кирди. Афғонистон бугун, 1 март куни пойтахт Кобулда портлашлар ва ўқ овозлари эшитилганидан сўнг Покистон ҳарбий самолётларига қарши ўт очганини маълум қилди. Бу воқеа АҚШ–Исроилнинг Эронга зарбалари ва унга жавобан Кўрфаз давлатларидаги АҚШ нишонларига ҳужумлар ортидан беқарорлашган минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштирди.
«Reuters» гувоҳининг айтишича, саҳардан олдин Кобулнинг айрим ҳудудларида кучли портлашлар янграган, сўнгра ўқ узиш овозлари эшитилган. Нима нишонга олингани ва қурбонлар бор-йўқлиги аниқ эмас.
«Толибон» маъмурияти матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу овозлар афғон кучларининг пойтахт устидаги Покистон самолётларига қарши ҳужуми натижаси эканини билдирди.
«Кобулда Покистон самолётларига қарши ҳаво мудофаа зарбалари амалга оширилди. Кобул аҳолиси хавотир олмасин», – деди Мужоҳид.
Уруш бошланиши
Расмийлар маълум қилишича, 27 феврал куни Покистон томонидан амалга оширилган зарбалар «Толибон» ҳарбий иншоотлари ва постларини нишонга олган. Уларнинг айримлари Кобул ва Қандаҳорда жойлашган бўлиб, бу сўнгги йилларда Покистоннинг ғарбий қўшниси ҳудудига қилган энг чуқур кириб боришларидан бири ҳисобланади.
«Толибон» бошқараётган давлат ўтган ҳафта давомида ҳукумат объектларига қаратилган Покистон зарбаларига дуч келганини айтди. Исломобод эса Афғонистон ҳудудида жангари гуруҳларга паноҳ берилаётганини иддао қилмоқда, Кобул эса бу айбловларни рад этмоқда.
Зўравонликлар шу ҳафта Афғонистон ичида амалга оширилган ҳаво зарбаларидан кейин авж олди. Покистон уларни жангари инфратузилмасига қарши қаратилган деб айтди. Кобул эса буни суверенитет бузилиши деб баҳолаб, чегара бўйлаб жавоб операциялари бошланганини маълум қилди.
Ҳар икки давлат билан чегарадош Эрон можаро авж олишидан олдин мулоқотни йўлга қўйишга кўмаклашишни таклиф қилган эди. Бироқ кеча, 28 феврал куни Эроннинг ўзи ҳам Исроил ва АҚШ зарбаларига дуч келди.
Айбловлар ва эскалация
Покистон «Таҳрик-и Толибон Покистон» (ТТП) жангари гуруҳи Афғонистонда паноҳ топганини ва Покистон ҳудудида қўзғолон олиб бораётганини билдирмоқда.
Афғонистон бу айбловларни рад этиб, ўз ҳудуди бошқа давлатларга қарши ишлатилишига йўл қўймаслигини таъкидлади ҳамда Покистон хавфсизлик муаммоларини ички масала деб атади.
Покистон хавфсизлик манбалари «Ғазаб лил Ҳақ» («Ҳақ учун ғазаб») операцияси давом этаётганини, Покистон кучлари афғон постлари ва лагерларини йўқ қилганини айтмоқда.
Ҳар икки томон оғир йўқотишлар ҳақида хабар берган, аммо қурбонлар сони бўйича рақамлар турлича. Покистон 12 нафар ҳарбийси ҳалок бўлгани ва 274 нафар «Толибон» аъзоси ўлдирилганини билдирди. «Толибон» эса 13 нафар жангчиси ва 110 нафар Покистон ҳарбийси ҳалок бўлганини айтди.
«Толибон» матбуот котиби ўринбосари Ҳамидуллоҳ Фитрат Хост ва Пактика вилоятларида 52 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 66 киши яраланганини билдирди.
Дипломатик ҳаракатлар кучайди
Тўқнашувлар 2 600 километрлик мураккаб тоғли чегара бўйлаб узоқ давом этадиган можаро хавфини оширди. Хорижий ҳукуматлар хавотир кучайиб бораётганини билдириб, зудлик билан музокаралар бошлашга чақирмоқда.
27 феврал куни кечқурун дипломатик ҳаракатлар жадаллашди. Афғонистон томонининг маълум қилишича, унинг ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳан ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилиб, тарангликни пасайтириш ва дипломатик каналларни очиқ сақлаш масаласини муҳокама қилган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам низолашаётган томонларнинг ташқи ишлар вазирлари билан мулоқот қилиб, вазминликка чақирган.
Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия ва Хитой ҳам ҳар икки томонни эскалацияни тўхтатишга ва мулоқотга киришишга чақирди.
АҚШ Давлат департаменти эса АҚШ «Толибон» ҳужумларига қарши ўзини ҳимоя қилиш борасида Покистон ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган АҚШ расмийси Вашингтон Покистонни тажовузкор деб ҳисобламаслигини ва Исломобод хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш борасида босим остида эканини билдирди.
Ҳарбий қудрат борасидаги фарқ
Покистон мудофаа вазири Ҳаважа Муҳаммад Асиф жангларни «очиқ уруш» деб таърифлади.
«Толибон» ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний нутқида можаро «жуда қимматга тушиши»ни таъкидлаб, ҳозирча фақат жангга жалб этилган кучлар иштирок этаётганини, афғон қўшинлари кенг кўламда сафарбар этилмаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» «дунёни» ҳарбий устунлик орқали эмас, балки «бирлик ва ҳамжиҳатлик», шунингдек, «катта сабр ва матонат» билан мағлуб этган.
Покистоннинг ҳарбий салоҳияти Афғонистонникидан анча устун: юз минглаб доимий армия ва замонавий ҳарбий-ҳаво кучларига эга.
«Толибон» эса анъанавий ҳарбий-ҳаво кучларига эга эмас ва асосан енгил қуроллар ҳамда қуруқликдаги кучларга таянади. Бироқ ҳаракат 2021 йилда ҳокимиятга қайтишидан олдин АҚШ етакчилигидаги кучларга қарши йигирма йиллик қўзғолон тажрибаси орқали жангларда тобланган.





