«Alif» иловаси орқали амалга оширилган ойлик тўловлар 1 миллиард доллардан ошди

Kecha 20:553 daqiqa

Компания асосчисига кўра, бу фойдаланувчиларнинг нақд пулдан рақамли тўловларга ўтаётганини ифодалайди.

«Alif» иловаси орқали амалга оширилган ойлик тўловлар 1 миллиард доллардан ошди

«Alif» иловасининг ойлик транзакциялар ҳажми Ўзбекистон ва Тожикистонда 1 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда компания асосчиларидан бири Абдулло Қурбонов «Linkedin» саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу фойдаланувчиларнинг нақд пулдан рақамли тўловларга ўтаётганини ифодалайди.

«Мен 2017–2021 йиллардаги илк кунларни эслайман. Кодни бир неча бор қайта ёзишлар. Фойдаланувчиларни жалб қилишдаги қийинчиликлар. Дўконларга кириб, «Alif» иловасини қабул қиласизми деб сўраганимда, улар ҳали бу ҳақда эшитмаганини билиб турсам ҳам, «Йўқ, фақат нақд пул» деган жавобни эшитиш оғриқли эди. Жамоани олдинга ундаган нарса – ишонч эди: рақамли ва шаффоф иқтисодиёт вақти келиб нақд пул иқтисодиётидан ўзиб кетишига ва биз бунда ўз ҳиссамизни қўшишимиз кераклигига ишонгандик. Кейин эса ҳаммаси ўзгарди. Аввалига секин, кейин эса шиддат билан. Дўконлар, таксилар, коммунал хизматлар ва давлат хизматлари – ҳаммаси қўшилди. Alif Ўзбекистонга кенгайди. Транзакциялар ҳажми қор тўпидек кўпайиб, ўтган ойда деярли 1,2 миллиард АҚШ долларига етди», - деди у.

Таъкидланишича, сервис аудиторияси 10 миллион фойдаланувчига етган, охирги тўрт йил ичида эса ҳажм тахминан 30 баравар ўсган.

Марказий Осиёда финтех инқилоби

Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Тожикистонда рақамли тўловлар бозори кескин ўсиш даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми йилига ўртача 2-2,5 бараварга ортиб бормоқда.

«Alif»нинг бозорга кириб келиши

Компания 2014 йилда Тожикистонда кичик финтех-стартап сифатида ташкил этилган. «Alif» Ўзбекистон бозорига 2019 йилда кириб келди ва қисқа вақт ичида BNPL (Ҳозир сотиб ол, кейин тўла) модели ва «Alif Mobi» тўлов тизими орқали танилган. 2022 йилда компаниянинг жами фойдаланувчилари сони 1 миллион атрофида бўлган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 10 миллионга етди. Бу 4 йил ичида 10 баравар ўсиш демакдир.

Рақобат муҳити: «Uzum» экотизими

«Uzum» гуруҳи 2024 йилда Ўзбекистон тарихидаги илк «яккашох» (unicorn) — қиймати 1 миллиард доллардан ошган компанияга айланди. Ушбу экотизим таркибидаги «Uzum Bank» ва «Uzum Nasiya» хизматлари «Alif»нинг асосий рақобатчилари ҳисобланади. «Uzum»нинг устунлиги унинг электрон тижорат («Uzum Market») билан чамбарчас боғланганида бўлиб, бу фойдаланувчиларга товарларни муддатли тўловга олиш ва тўловларни амалга оширишда яхлит қулайлик яратади. Бугунги кунда экотизимнинг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 10 миллиондан ошган бўлиб, бу мамлакатдаги рақамли хизматлар бозорининг салмоқли қисмини ташкил этади.

«Payme» ва «Click»

«Payme» ва «Click» компаниялари Ўзбекистонда рақамли тўловлар маданиятини шакллантирган илк ўйинчилардир. «Payme» халқаро ТВС Bank Group таркибига киргач, ўз имкониятларини рақамли банкинг билан кенгайтирди ва ҳозирда 11 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга. «Click» эса ўзининг кенг қамровли тўлов нуқталари ва давлат хизматлари билан интеграциялашгани туфайли аҳоли орасида энг юқори оммавийликка эга (15 миллиондан ортиқ рўйхатдан ўтган фойдаланувчи). Ушбу компаниялар асосан P2P (картадан картага пул ўтказиш) ва коммунал тўловлар сегментида кучли позицияни эгаллаган.

Teglar

Mavzuga oid