Алишер Қодиров ўзбекистонликларни Россияни тарк этишга чақирди
Депутат Алишер Қодиров Хабаровскда «ОМОН» ходимлари томонидан ўлдирилган ўзбекистонлик мигрант воқеасига муносабат билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Миллий тикланиш демократик партияси раиси Алишер Қодиров Россияда бўлиб турган ўзбекистонлик мигрантларга мурожаат қилди.
У ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Россияда антимигрант рейдлар ортидан Ўзбекистон фуқаросининг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, вазият тобора оғирлашиб бораётганини таъкидлади.
Қодировнинг ёзишича, Россиядаги муҳит ой сайин ёмонлашмоқда ва бу ҳолат, аввало, Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат мигрантларига нисбатан муносабатда яққол сезилмоқда. Унинг фикрича, Россия махсус хизматлари минтақадан келган фуқароларни келгусида эҳтимолий нотинчликларда иштирок этиши мумкин бўлган гуруҳ сифатида баҳоламоқда.
Шу сабабли улар иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан ҳам аввалгидек зарур куч сифатида кўрилмаяпти.
«Ақлингизни ишлатинг, Россиядан тезроқ кетинг! Ҳеч қандай даромад ота-оналар ва фарзандларингизнинг кўз ёшига арзимайди!» — дейди депутат.
Алишер Қодиров Россиядаги ўзбекистонликларга бундай мазмундаги мурожаатни илк бор қилиб қўяётгани йўқ. У аввал ҳам Россиянинг Украинага нисбатан уруш сиёсатига танқидий муносабат билдириб келган, шунингдек, мигрантларга нисбатан ғайриинсоний муносабатларни кескин қоралаган сиёсий фаоллар қаторига киради.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 12 декабр куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари томонидан Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Маълумотларга кўра, икки нафар фуқаро комага тушган, кейинчалик улардан бири вафот этган. Ушбу воқеа Россиядаги мигрантлар хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.





