«Amazon» ўн йилдан сўнг яна смартфон бозорига қайтишни режалаштирмоқда
«Transformer» деб номланаётган янги қурилма Жефф Безоснинг кўп йиллик ғоясининг навбатдаги босқичи ҳисобланади, у «Star Trek» илмий-фантастик сериалидаги каби овоз орқали бошқариладиган универсал ёрдамчи яратишни истаган.

2014-йилда «Amazon» ўзининг биринчи смартфонини тақдим этган ва «Apple» ҳамда «Samsung» билан рақобатлашмоқчи бўлган эди. Бироқ асосчи Жефф Безос шахсан назорат қилган «Fire Phone» лойиҳаси бир йилдан сал кўпроқ вақт ичида ёпилди ва компаниянинг энг катта омадсиз лойиҳаларидан бирига айланди. Эндиликда «Amazon» янги смартфон устида иш бошламоқда. Бу ҳақда манбаларига таяниб, «Reuters» хабар берди.
Манбаларга кўра, «Transformer» деб номланаётган янги қурилма компаниянинг қурилмалар ва сервислар бўлимида ишлаб чиқилмоқда. Тўрт нафар манба маълумотига кўра, ушбу смартфон фойдаланувчига мослашувчан (персонализация қилинган) мобил қурилма бўлиши режалаштирилган.
Шунингдек, у «Alexa» овозли ёрдамчиси билан синхрон ишлайди ва кун давомида фойдаланувчиларни «Amazon» экотизими билан боғлаб турувчи марказий қурилма вазифасини бажариши мумкин.
«Transformer» ҳақида нималар маълум?
Бу ташаббус Жефф Безоснинг кўп йиллик ғоясининг навбатдаги босқичи ҳисобланади, у илмий-фантастик «Star Trek» сериалидаги каби овоз орқали бошқариладиган универсал ёрдамчи яратишни истаган.
Безос шундай смартфонни тасаввур қилган эдики, унда онлайн-савдо асосий ўрин тутади ва у «Apple» билан рақобатлашиб, «Prime» орқали тез етказиб бериш ва чегирмаларни таклиф қилади. Шу билан бирга, компания мобил қурилма орқали фойдаланувчилар ҳақида янада кўпроқ маълумот – харидлар тарихи ва контентга қизиқишларини ҳам олиш имконига эга бўлади.
«Reuters» маълумотига кўра, «Amazon»нинг янги смартфон ишлаб чиқиш ҳаракатлари аввал эълон қилинмаган. Лойиҳа қиймати, кутилаётган даромад ёки инвестиция ҳажми каби жиҳатлар ҳозирча номаълум.
«Transformer» лойиҳасининг амалга ошириш муддатлари ҳам аниқ эмас. Манбаларга кўра, стратегия ўзгариши ёки молиявий сабабларга кўра тўхтатилиши ҳам мумкин. «Amazon» вакили эса бу хабарга изоҳ беришдан бош тортган.
Манбалар айтишича, янги смартфон фойдаланувчилар учун «Amazon»дан харид қилиш, «Prime Video» томоша қилиш, «Prime Music» тинглаш ёки «Grubhub» каби ҳамкорлар орқали таом буюртма қилишни анча осонлаштиради.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири – қурилмага сунъий интеллект функцияларини чуқур интеграция қилиш. Бу эса анъанавий иловалар дўконларига эҳтиёжни камайтириши мумкин, яъни фойдаланувчилар дастурларни юклаб олиш ва рўйхатдан ўтишсиз хизматлардан фойдалана олади. «Alexa» асосий элемент бўлиши мумкин, аммо телефоннинг асосий операцион тизими бўлиши шарт эмас.
Шу билан бирга, сунъий интеллектга асосланган қурилмалар тарихи омадсиз лойиҳаларга бой. Масалан, «Humane AI Pin» ва «Rabbit R1» каби қурилмалар катта кутилмаларга қарамай тўхтатилган.
Бунга қарамай, бошқа йирик компаниялар ҳам СИ-қурилмалар устида ишламоқда. «OpenAI» «Apple»нинг собиқ дизайнери Жони Айв билан янги қурилмалар устида ишлаяпти. Шунингдек, «Apple», «Google» ва «Meta» ҳам СИ элементлари ўрнатилган кўзойнаклар, соатлар ва қулоқчинлар ишлаб чиқмоқда.
«Amazon Web Services» булутли инфратузилмада етакчи бўлса-да, компания СИ иловаларини ишлаб чиқишда рақобатчилардан ортда қолаётгани ҳақида танқидларга учраган.
2025-йилда янгиланган «Alexa» эса «Amazon» учун келажакдаги асосий истеъмолчи хизматларидан бири сифатида қаралмоқда. Янги смартфон эса фойдаланувчиларни сунъий интеллектдан янада фаол фойдаланишга ундаш учун навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.
«Fire Phone» тарихи ва «Amazon»нинг янги уриниши
«Amazon» 2014-йилда смартфон бозорига кирганида, унинг қурилмаси камера орқали товарларни таниб, уларни «Amazon.com»да топиб, автоматик равишда саватга қўшиш каби инновацион функцияларга эга эди.
Бироқ «Fire Phone»нинг ўз операцион тизими «Fire OS» «Android» ва «iOS» платформаларидаги машҳур иловалардан маҳрум эди. Шунингдек, 3D тасвирлар учун мўлжалланган мураккаб кўп камерали экран тизими жуда кўп энергия сарфлаб, телефоннинг қизиб кетишига олиб келарди.
Компания телефонни бир йиллик бепул «Amazon Prime» обунаси билан таклиф қилганига қарамай, у ёмон сотилди. Нарх 649 доллардан 159 долларгача туширилди, аммо барибир 14 ойдан сўнг лойиҳа ёпилди. Натижада «Amazon» сотилмай қолган захиралар учун 170 млн доллар зарар кўрди.
«R.W. Baird» таҳлилчиси Колин Себастиан фикрича, аввалги муваффақиятсизлик янги уринишни имконсиз қилмайди, аммо бу осон бўлмайди:
«Amazon» истеъмолчиларга телефонни алмаштириш учун жуда кучли сабаб бериши керак – одамлар ҳозирги иловалар дўконларига қаттиқ ўрганиб қолган».
Бугун ҳам «Amazon»ни ўша муаммо кутиб турибди – бозор етакчилари «Apple» ва «Samsung»ни ортда қолдириш. «Counterpoint Research» маълумотига кўра, улар ўтган йили жаҳон сотувларининг тахминан 40 фоизини назорат қилган.
Шу билан бирга, бозор шароити ҳам мураккаблашмоқда. «International Data Corporation» прогнозларига кўра, 2026-йилда смартфон етказиб бериш ҳажми тарихдаги энг катта пасайишни кўрсатиб, 13 фоизга тушиши мумкин. Бу эса хотира чиплари нархининг кескин ўсиши туфайли қурилмалар қимматлашиб бораётгани билан изоҳланмоқда.
«Инқилобий» қурилмалар мандати
«Amazon»нинг янги смартфон лойиҳаси «Devices» бўлими таркибидаги «ZeroOne» деб номланган гуруҳ томонидан олиб борилмоқда. Манбаларга кўра, бу гуруҳнинг вазифаси «инқилобий» гаджетлар яратишдан иборат. «ZeroOne»га Жей Аллард раҳбарлик қилади, у илгари «Microsoft»да «Zune» ва «Xbox» каби қурилмалар устида ишлаган.
«Amazon»2нинг қурилмалар ва сервислар бўлими раҳбари Панос Панай сўнгги йилларда зрар кўриб келаётган бўлимни қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Бу доирада янги планшет ҳам тайёрланмоқда – у илк бор «Fire OS» эмас, балки «Android»да ишлайди ва тахминан 400 доллар атрофида сотилиши мумкин.
«Transformer» лойиҳаси ҳали ҳам ишлаб чиқиш босқичида. Лойиҳа устида ишлаган уч нафар манбанинг айтишича, компания ҳам анъанавий смартфон, ҳам чекланган функцияларга эга бўлган «оддий телефон» (dumbphone) вариантларини кўриб чиққан. Бундай қурилма экранга қарамликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Ҳозирча компания мобил операторлар билан ҳамкорлик бўйича музокаралар бошламаган.
Янги телефон учун илҳом манбаларидан бири «Light Phone» бўлган. Бу тахминан 700 долларлик минималистик смартфон бўлиб, камера, харита ва календар каби асосий функцияларга эга, аммо иловалар дўкони ёки браузер деярли йўқ.
Манбаларга кўра, бундай “иккинчи телефон” концепцияси Amazon’га қурилмани асосий смартфон сифатида эмас, балки «Apple»нинг «iPhone»лари ёки «Samsung» «Galaxy»лари билан бирга ишлатиладиган қўшимча қурилма сифатида сотиш имконини беради. «Counterpoint Research» маълумотига кўра, 2025-йилда бундай оддий телефонлар жаҳон бозорининг тахминан 15 фоизини ташкил этган.
Мутахассис Четан Шарманинг фикрича, бир вақтда икки телефон ишлатувчилар сони ҳақида аниқ маълумотлар кам. Бугунги кунда бу амалиёт асосан офис ходимлари (иш ва шахсий ҳаётни ажратиш учун) ёки фарзандларига ижтимоий тармоқлардан чекланган қурилма беришни истаган ота-оналар орасида кўпроқ учрайди.





