«Андижон полькаси»нинг Гиннес рекордлари китобига кириши давлат бюджетига 730 млн сўмга тушган
Гиннес рекордлари китобига киритилган «Андижон полькаси» учун вилоят бюджетидан 730 млн сўм ажратилгани маълум бўлди.
© Andijon viloyati hokimligi matbuot xizmati«Андижон полькаси» рақсини Гиннес рекордлари китобига киритиш учун Андижон вилояти бюджети ҳисобидан 730 млн сўм ажратилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов имзолаган қарорда белгиланган.
Ҳужжатга кўра, маблағ вилоят бюджетининг 2026-йил учун захира жамғармаси ҳисобидан вилоят Маданият бошқармасига ўтказилган. Қарор 22-июн куни қабул қилинган.
Унда қайд этилишича, ажратилган маблағ «Андижон полька» рақсини Гиннес рекордлари китобига киритиш билан боғлиқ ташкилий ва бошқа харажатларни қоплаш учун йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, «Андижон — Турк дунёсининг маданий пойтахти — 2026» халқаро тадбири доирасида бир вақтнинг ўзида 20 минг иштирокчи «Андижон полькаси» рақсини ижро этган ва натижа расман Гиннес рекордлари китобига киритилган эди. Сертификат Гиннес вакили томонидан Андижон вилояти ҳокимига топширилган.
Мазкур тадбир арафасида Андижон вилоятининг Асака туманида тадбирга йўл олган мактаб ўқувчилари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган эди. Оқибатда бир ўқувчи ҳалок бўлган, бу эса жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.





