Logo

«Apple» айрим қурилмалари нархини кескин оширди

Bugun 14:442 daqiqa

Аввалроқ компания бош директори Тим Кук хотира чиплари кескин қимматлашгани сабаб компания маҳсулотлар нархини кўтаришга мажбур бўлаётганини айтганди.

«Apple» айрим қурилмалари нархини кескин оширди © yahoo.com

«Apple» хотира чиплари ва маълумот сақлаш қурилмалари нархининг кескин қимматлашиши ортидан iPad, Mac, Vision Pro ва бир қатор бошқа маҳсулотлари нархини оширди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Энг катта ўзгаришлар ноутбуклар қаторида кузатилди. Хусусан, MacBook Neo нархи 100 долларга ошиб, 699 долларни ташкил этди. 13 дюймли MacBook Air 200 долларга қимматлаб, 1299 долларга етди. 14 дюймли MacBook Pro 1699 доллардан 1999 долларга, 16 дюймли версия эса 2499 доллардан 2999 долларга кўтарилди. 15 дюймли MacBook Air ҳам 1299 доллардан 1499 долларгача қимматлади.

Планшетлар ҳам нарх ошишидан четда қолмади. Базавий iPad ва iPad mini 100 долларга қимматлаб, мос равишда 449 ва 599 доллардан сотилмоқда. 11 дюймли iPad Pro 1199 долларга, 13 дюймли модели эса 1499 долларга етди.

Шунингдек, HomePod нархи 299 доллардан 349 долларга, Apple TV приставкаси 129 доллардан 199 долларга оширилди.

Vision Pro гарнитураси эса энди 3699 доллардан таклиф этилмоқда. Аввал унинг бошланғич нархи 3499 доллар эди.

Айни пайтда компания iPhone, Apple Watch ва AirPods нархларини ўзгартирмаган. Бироқ «Bloomberg» маълумотига кўра, келгусида бошқа маҳсулотлар нархига ҳам тузатишлар киритилиши мумкин.

25-июн куни нархлар оширилгани маълум бўлганидан сўнг «Apple» акциялари 6,2 фоизга арзонлашиб, 274,86 долларга тушди. Бу 2025 йил 10 апрелдан буён бир кунлик энг йирик пасайиш ҳисобланади.

Аввалроқ Тим Кук Apple компанияси хотира ва маълумот сақлаш микросхемалари нархининг кескин ошиши фонида ўз маҳсулотлари нархини кўтаришга тайёрланаётганлиги ҳақида айтганди.

Унга кўра, хотира (ДРАМ) ва маълумот сақлаш (НАНД) чиплари нархининг кескин кўтарилиши ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада оширган.

«Афсуски, нархларни оширишнинг олдини олиб бўлмайди. Биз харажатларнинг ошишини имкон қадар юмшатишга ва мижозларимизни бундан ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик, аммо вазият энди барқарор эмас», – деди Кук.

Teglar

Mavzuga oid