АҚШ Эроннинг стратегик ороли – Харкка ҳужум қилди

Bugun 19:204 daqiqa

Теҳрон агар оролдаги нефт иншоотлари нишонга олинса, минтақадаги АҚШ билан боғлиқ нефт объектларининг «кулини кўкка совуриш» билан таҳдид қилди.

АҚШ Эроннинг стратегик ороли – Харкка ҳужум қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат ҳарбийлари Эроннинг Харк оролидаги ҳарбий иншоотларни бомбалаганини маълум қилди. У агар Эрон Ҳўрмуз бўғозини тўсишда давом этса, навбатдаги нишон ҳудуддаги муҳим нефт объектлари бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўз навбатида, Эрон агар оролдаги нефт тузилмаларига ҳужум қилинса, минтақадаги АҚШ билан алоқадор нефт иншоотларининг «кулини кўкка совуриш» билан таҳдид қилди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари учинчи ҳафтага қадам қўяр экан, глобал энергия бозорида нархларнинг кескин кўтарилиши ва таъминот инқирози юзага келди.

IRNA давлат ахборот агентлиги Эроннинг юқори лавозимли мулозимига таяниб, АҚШ ҳужумига қарамай, оролдан нефт экспорти одатдаги тартибда давом этаётганини хабар қилди.

Харк ороли орқали Эрон нефт экспортининг 90 фоиздан ортиғи амалга оширилади. Уруш бошланганидан бери нефт хом ашёси нархи 40 фоиздан кўпроққа ошди.

Трамп 13-март куни АҚШ кучлари Харк оролидаги нефт экспорти марказида жойлашган барча ҳарбий нишонларни «бутунлай йўқ қилганини» айтди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида буни «Яқин Шарқ тарихидаги энг кучли бомбардимонлардан бири» деб таърифлади, бироқ бунга ҳеч қандай далил келтирмади.

АҚШ президенти ҳозирча Эрон оролларидаги нефт инфратузилмаларига зарба бермасликка қарор қилганини алоҳида таъкидлади.

«Бироқ, агар Эрон ёки бошқа бирон бир томон Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, мен дарҳол бу қароримни қайта кўриб чиқаман», — дея қўшимча қилди у.

Эроннинг «FARS» агентлиги АҚШ ҳужумлари пайтида Харк оролида 15 дан ортиқ портлаш овози эшитилганини маълум қилди.

Манбаларга кўра, ҳужумлар ҳаво мудофааси тизимлари, ҳарбий-денгиз базаси ва аэропорт иншоотларини нишонга олган, бироқ нефт инфратузилмасига зарар етказилмаган.

АҚШ қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўряптими?

Шу билан бирга, АҚШ маъмуриятининг исми ошкор этилмаган мулозими «Associated Press» (AP) агентлигига Яқин Шарққа қўшимча 2500 нафар денгиз пиёдаси ва десант кемаси юборилаётганини тасдиқлади. Манбанинг хабар беришича, 31-денгиз пиёдалари экспедиция бўлинмаси ва «USS Tripoli» десант кемасига минтақага йўл олиш ҳақида буйруқ берилган.

АҚШ денгиз пиёдалари бўлинмалари нафақат қирғоқбўйи ҳудудларга десант тушириш, балки элчихоналар хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларни эвакуация қилиш ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш каби кенг кўламли вазифаларга ихтисослашган.

«Бундан кўриниб турибдики, АҚШ уруш ҳаракатлари доирасида ўз ҳарбий салоҳиятини аста-секин оширмоқда ва жараённи тез орада якунлаш ниятида эмас», — деб хабар беради «Al-Jazeera».

Трамп келишув имкониятини рад этди

Харк оролига қилинган ҳужумдан сўнг, Доналд Трамп ўзининг «Truth Social» платформасида Эронга кескин мурожаат йўллади. У Теҳрон учун «қуролларни ташлаб, мамлакатнинг қолган қисмини сақлаб қолиш энг оқилона қарор бўлишини» таъкидлади.

«Сохта янгиликлар тарқатувчи ОАВ АҚШ армиясининг Эронга қарши қанчалик муваффақиятли ҳаракат қилганини хабар қилишни ёмон кўради. Эрон бутунлай мағлуб бўлди ва келишув истамоқда — лекин мен қабул қиладиган келишувни эмас!» — деб ёзди у бошқа бир постида. Бироқ Трамп Теҳрон ҳақиқатда бирор-бир келишувга интилаётгани ҳақида ҳеч қандай далил келтирмади.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 28-февралдан бери АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари оқибатида камида 1444 киши ҳалок бўлган, 18 551 киши жароҳатланган.

«Al-Jazeera» хабар беришича, АҚШ ва Исроилнинг ҳаво зарбалари мамлакат бўйлаб, жумладан Теҳрон, Караж, Исфаҳон ва Табриз шаҳарларидаги нишонларга йўналтирилган. Нашрнинг таъкидлашича, бу воқеалар «кескинлик пасайишидан ҳали анча йироқ эканидан» далолат беради.

«Эрон расмийлари жавоб зарбалари ҳақида гапирмоқда. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси минтақадаги Исроил ҳудудлари ва АҚШ базаларини нишонга олиш учун ўзларининг энг замонавий қуроллари, жумладан, «Ҳайдар» ракеталаридан фойдаланиш ҳақида баёнот бермоқда», — дейди «Al-Jazeera» мухбири.

Қатардаги Жоржтаун университетининг Яқин Шарқ сиёсати бўйича эксперти Зейдон Алкинани Трампнинг огоҳлантиришини «ташвишли сигнал» деб баҳолади. Унинг фикрича, АҚШ президентининг Ҳўрмуз бўғозидаги кескинлик ортиши билан Харк оролидаги нефт иншоотларини вайрон қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши минтақадаги вазиятни ўта қалтис нуқтага олиб келади.

 «Баъзи минтақавий кучлар вазият юмшашига умид қилган бўлса-да, сиёсий лидерлар, жумладан Трампнинг риторикаси эҳтимолий муросадан қатъий ва муросасиз позицияларга ўтди», — деди у «Al-Jazeera»га.

Унинг таъкидлашича, ҳар икки томон ҳам ҳозирча муросасиз позицияда турибди. Бироқ бу қарама-қаршиликнинг глобал иқтисодий оқибатлари бевосита ҳарбий ҳаракатлардан кўра анча ҳалокатлироқ бўлиши мумкин. Стратегик инфратузилмаларга бериладиган зарбалар нафақат Ғарб мамлакатларида, балки бутун дунёда энергия таъминотининг издан чиқишига ва ёқилғи нархларининг кўтарилиб кетишига сабаб бўлади.

Teglar

Mavzuga oid