АҚШ–Исроил–Эрон уруши: 29-кунги воқеалар
Яқин Шарқдаги уруш 29-кунда кескинлашди, ҳарбий ва иқтисодий хавфлар ортиб бормоқда.

Президент Доналд Трамп АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушига нисбатан НАТОнинг тутган позициясидан норози эканини маълум қилди. У Вашингтоннинг узоқ йиллар давомида иттифоқчилар хавфсизлиги учун сарфлаган улкан мудофаа харажатларига қарамай, алянс томонидан етарли даражада қўллаб-қувватланмаётганини таъкидлаб, бундан «жуда ҳафсаласи пир бўлганини» айтди.
Эрон Исроилнинг ядровий ва саноат объектларига ҳужумлари учун «оғир бадал» талаб қилишини эълон қилди.Теҳрон энергия инфратузилмасини нишонга олиш орқали Вашингтон ва Тел-Авивни «олов билан ўйнашаётганликда» айблади. Шу билан бирга, Эрон томони иккита ядровий объектга берилган зарбалардан кейин ҳеч қандай радиоактив моддалар сизиб чиқиши ҳолати кузатилмаганини ва вазият назорат остида эканини маълум қилди.
Ушбу огоҳлантиришлар Яқин Шарқ бўйлаб жанговар ҳаракатлар ва кескинлик кучайиб бораётган, шунингдек, кенг миқёсдаги можаро келиб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортаётган бир пайтда янграмоқда.
Эрондаги вазият
· Исроил Теҳронга зарба берди: Исроил ҳарбийлари 28-март куни эрта тонгда Эроннинг стратегик объектларига ҳужумлар уюштирганини маълум қилди.
· Эрон билан музокаралар: АҚШ элчиси Стив Уиткофф шу ҳафта Эрон билан учрашувлар ўтказилишини ва Теҳроннинг 15 банддан иборат тинчлик режасига жавобини кутаётганини таъкидлади.
· Эрон заводларга қилинган зарбалар учун «оғир товон» ундиришга ваъда бермоқда: Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий ядровий объектлар ва мамлакатнинг иккита энг йирик пўлат заводига қилинган ҳужумлардан сўнг, Теҳрон «Исроилнинг жиноятлари учун оғир товон» талаб қилишини айтди.
· Россия Эронга сунъий йўлдош разведкаси орқали ёрдам бермоқда: Космик дастурлар бўйича экспертнинг сўзларига таяниб, «Al-Jazeera»нинг хабар беришича, Эрон АҚШ ҳарбий объектлари ҳақидаги маълумотларни Россиянинг «Лиана» жосуслик сунъий йўлдош тизимидан олаётган бўлиши эҳтимоли юқори.
Уруш дипломатияси
· Трамп Ҳўрмуз масаласида НАТОни танқид қилди: АҚШ президентининг таъкидлашича, Вашингтон иттифоқчилар хавфсизлиги учун «юз миллиардлаб» доллар сарфлаётган бўлса-да, Ҳўрмуз бўғози каби стратегик муҳим ҳудудларда НАТО вакиллари кўмак беришдан қочмоқда.
«Мен ҳар доим НАТОни қоғоздаги йўлбарс деб келганман. Ва доимо биз НАТОга ёрдам берамиз, лекин улар бизга ҳеч қачон ёрдам бермайди, деганман», — деди Трамп.
· Покистондаги эҳтимолий учрашув: Туркия расмийларининг маълум қилишича, Исломобод Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун фаол воситачилик қилмоқда. Маълумотларга кўра, дам олиш кунлари Покистонда Саудия Арабистони, Миср ва мезбон давлат вакиллари иштирокида юқори даражадаги музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
· БМТнинг ядровий назорат органи «вазминликка» чақирди: Халқаро атом энергияси агентлиги Исроил Эроннинг иккита ядровий объектига, жумладан, уранни қайта ишлаш заводига зарба берганидан сўнг, Яқин Шарқдаги урушда томонларни яна бир бор «вазминликка» чақирди.
· «Режим ўзгариши» даргумон: Уруш Эронда «режим ўзгариши»га олиб келиши даргумон, деди Германия канцлери Фридрих Мерц.
«Агар мақсад шу бўлса, ўйлайманки, бунга эриша олмайсиз. Аввалги можароларда бу кўпинча нотўғри якун топган», — деди у Афғонистондаги урушга ишора қилиб.
Кўрфаз минтақасидаги вазият
· Саудия Арабистони ракетани уриб туширди: Саудия Арабистони пойтахт Ар-Риёдга йўналтирилган ракетани «тутиб олгани ва йўқ қилганини» маълум қилди. 27-март куни «The Associated Press» ва «Reuters» ахборот агентликларининг хабар беришича, Эроннинг қиролликдаги ҳаво базасига қилган ҳужуми оқибатида камида 12 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси яраланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.
· Бирлашган Араб Амирликлари: БАА Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва қирувчи самолётлар Эрондан келаётган ракеталар ҳамда дронларни уриб туширганини хабар қилди.
АҚШдаги вазият
· АҚШ урушни «саноқли ҳафталар» ичида якунламоқчи: АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Эрондаги уруш мақсадларини «келаси бир неча ҳафта ичида» якунлашини ва Эронни «заифроқ» ҳолатда қолдиришини айтди.
· АҚШ аскарлари яраланди: АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 300 дан ортиқ америкалик аскар яраланган.
Исроилдаги вазият
· Тўғридан-тўғри ҳужумлар: Исроил бир неча фронтлардан келаётган жиддий ҳужумларга дуч келмоқда. Эрон томонидан учирилган ракеталар серияси Тел-Авивдаги гавжум савдо кўчаларидан бирига келиб тушди.
· Исроил фавқулодда хизматларининг маълум қилишича, 27-март куни Тел-Авивда бир эркак ҳалок бўлган. Ҳарбийлар Эрондан ракеталар учирилганини хабар қилгач, бутун мамлакат бўйлаб яна бир неча киши яралангани маълум бўлди.
Нефт, озиқ-овқат ва газ инқирози
· БМТ глобал гуманитар инқирозга қарши махсус ишчи гуруҳ ташкил этди: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти денгиз савдо йўлларидаги узилишлар глобал қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳалокатли таъсир кўрсатишидан огоҳлантирди. Янги тузилган ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси — Ҳўрмуз бўғози орқали ўғитлар ва муҳим хом ашё ташувчи кемаларнинг хавфсиз ва узлуксиз ўтишини таъминлаш орқали кутилаётган гуманитар инқирознинг олдини олишдан иборат.
· Миср бизнес учун комендантлик соати жорий қилмоқда: Эрондаги уруш оқибатида энергия харажатларининг икки баробардан зиёд ошиши Миср иқтисодиётини кескин чоралар кўришга мажбур қилди. 28-мартдан эътиборан, мамлакат бўйлаб энергия истеъмолини жиловлаш мақсадида дўконлар, ресторанлар ва савдо марказлари маҳаллий вақт билан соат 21:00 да ўз фаолиятини тўхтатиши белгиланди.
· Эфиопияда тунги навбатлар: Уруш оқибатида юзага келган танқислик ўз таъсирини кўрсата бошлагач, кўплаб эфиопияликлар бензин учун соатлаб навбат кутиб, ўз автомобилларида тунаб қолишга мажбур бўлмоқда.
· Чой экспорти тўхтаб қолди: Давом этаётган уруш ҳаракатлари сабабли Кениянинг Момбаса бандаргоҳида қиймати 24 миллион долларга тенг 8 минг тоннагача чой маҳсулоти қолиб кетди. 28-февралда бошланган уруш Шарқий Африка чой бозорининг қарийб 65 фоизига ўз таъсирини кўрсатди. Бунга урушнинг Осиё, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги асосий савдо йўллари ҳисобланган Қизил денгиз ва Ҳўрмуз бўғози орқали ўтувчи кема қатновларини издан чиқараётгани сабаб бўлмоқда.





