Logo

АҚШ Россия гази ва нефтини сотиб олувчи давлатларга санкция қўллаши мумкин —WSJ

Bugun 15:403 daqiqa

Марҳум сенатор Линдси Грэм томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси Россия нефти ва газининг энг йирик бешта харидорига қарши санкциялар киритишни назарда тутади. Айрим давлатларга нисбатан 100 фоизгача бож тарифлари жорий этилиши мумкин.

АҚШ Россия гази ва нефтини сотиб олувчи давлатларга санкция қўллаши мумкин —WSJ © Yoruk Isik/Reuters

АҚШнинг марҳум сенатори Линдси Грэм томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Россия нефти ва газини сотиб олувчи энг йирик бешта давлатга, биринчи навбатда Хитой ва Ҳиндистонга қарши чораларни ўз ичига олади. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп Россия энергия ресурсларини сотишга ёрдам бераётган айрим давлатлар ва хусусий шахсларга нисбатан 100 фоизгача бож тарифларини жорий қилиши мумкин. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида Россиянинг мудофаа, энергетика ва молия соҳаларидаги объектларига, шунингдек, «соя флоти»га қарши санкциялар киритиш бўйича қоидалар ҳам мавжуд.

Нашр суҳбатлашган таҳлилчиларнинг фикрича, агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, бу АҚШ Конгресси бож тарифларидан геосиёсий қурол сифатида фойдаланишга рухсат берган биринчи ҳолат бўлади. Аввал божлар асосан инсофсиз савдо амалиётларига қарши кураш воситаси сифатида ишлатилган.

«Биз ушбу лойиҳани АҚШ савдо вакили ҳамда Оқ уйдаги ҳамкасбларимиз билан музокаралар давомида узоқ вақт давомида такомиллаштирдик. Бу жуда мураккаб, пухта ва узоқ давом этган жараён бўлди. Биз ҳаддан ташқари кенг қамровли ёки қўпол ёндашувни хоҳламаймиз», — деди қонун лойиҳаси устида Грэм билан бирга ишлаган сенатор-демократ Ричард Блументал.

«Reuters» агентлигининг аниқлик киритишича, Россия нефтининг энг йирик бешта харидори Хитой, Ҳиндистон, Словакия, Венгрия ва Озарбайжон, Россия табиий газининг энг йирик бешта харидори эса Хитой, Франция, Япония, Венгрия ва Бельгия ҳисобланади. Бироқ, қонун лойиҳасининг янги версияси истеъмол қиладиган Россия табиий газининг 15 фоиздан камроғини импорт қиладиган ва ушбу импортни камайтириш учун муҳим чоралар кўраётган мамлакатлар учун имтиёзни назарда тутади. Бу Япония, Франция, Венгрия ва Бельгияни тарифлардан озод қилиши мумкин. 

Ҳар иккала партия сенаторлари ҳамда Оқ уй вакиллари бир йилдан ортиқ вақт давомида ушбу қонун лойиҳасини қайта ишлаб келди. Дастлаб Россия нефти, гази, уранини ва бошқа маҳсулотларини сотиб олувчи ҳар қандай давлат товарларига 500 фоизлик бож тарифлари жорий этилиши режалаштирилган эди.

Бироқ WSJ таъкидлашича, Оқ уй Конгресснинг бундай кенг кўламли санкцияларни мустақил равишда жорий этишини истамаган, чунки бу Трампга Украина можаросини тугатиш бўйича музокараларда максимал даражада эркин ҳаракат қилиш имкониятини чеклаши мумкин эди.

Манбаларнинг айтишича, ҳозирги версия — республикачилар, демократлар ва Оқ уй томонидан қўллаб-қувватланган муросавий вариантдир. Амалдаги лойиҳа, шунингдек, Трампга бу йил фавқулодда ҳолат ваколатлари асосида бир томонлама бож тарифларини жорий этишни рад этган АҚШ Олий суди билан эҳтимолий қарама-қаршиликда ёрдам беради.

Трамп жамоаси президент ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганини билдирди. Улар уни Грэм хотирасига бағишлаб қабул қилишни истамоқда. Линдси Грэм 11-июль куни 71 ёшида вафот этган.

14-июль куни АҚШ президенти ушбу лойиҳа қабул қилинишининг «яхши имконияти борлигини» айтди ва Грэм бу масалани жуда истаганини таъкидлади. Трамп қонун лойиҳасига Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»ни ҳам киритиш эҳтимолини истисно қилмади, бироқ Хитой ва Ҳиндистонга қарши иккиламчи санкциялар жорий этилиши муҳокама қилинмаганини билдирди.

Кремль эса Россия иқтисодиёти «жуда катта миқдордаги санкциялар» остида ҳам фаолият юритишда давом этаётганини ва уларга нисбатан «маълум даражада иммунитет» шакллантирганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар орқали уюштирилаётган мунтазам ҳужумлар ва Украина Қуролли кучларининг бошқа муваффақиятлари Россия етакчиси Владимир Путинни дарғазаб қилгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid