АҚШ Сенати Россияни терроризмни қўлловчи давлат сифатида тан олиши мумкин

23.10.2025 | 19:002 daqiqa

Сенатнинг ташқи ишлар қўмитаси Россияни украин болаларини олиб кетгани учун терроризмни қўлловчи давлат деб эътироф этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

АҚШ Сенати Россияни терроризмни қўлловчи давлат сифатида тан олиши мумкин

22 октябр куни АҚШ сенати ташқи ишлар қўмитаси Россияни терроризмни қўлловчи давлат деб эълон қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда лойиҳа ташаббускори — ўзининг аксилроссия чиқишлари билан танилган сенатор Линдси Грэҳэм маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур қадам Украинадаги болаларни мажбуран депортация қилгани учун Россияга нисбатан босимни кучайтириш ва урушни тўхтатишга қаратилган.

Грэҳэмнинг сўзларига кўра, Россияга бу мақомни бериш мамлакат иқтисодиёти учун «ҳалокатли зарба» бўлади, аммо бу Владимир Путин сиёсати оқибатида юзага келган муқаррар натижа.

«Бу ташаббус Россияни халқаро ҳамжамиятда «радиоактив» давлатга айлантиради», — деди сенатор.

Қонун қабул қилинса, АҚШ давлат котиби Марко Рубио 60 кун ичида сенаторларга Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудлардан Украинага қайтарилган болалар сони бўйича ҳисобот тақдим этиши керак бўлади. Агар 19 мингдан ортиқ бола қайтарилмагани аниқланса, Россия расман терроризмни қўлловчи давлатлар рўйхатига киритилади. Ҳозирда бу рўйхатда Эрон, Шимолий Корея, Куба, Судан ва Ливия бор.

Шу билан бирга, қўмита яна икки аксилроссия рус қонун ташаббусини маъқуллади. Биринчиси — Хитойга Россиянинг ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлагани учун иқтисодий санкциялар жорий этишни, иккинчиси — АҚШда музлатилган 5 млрд долларлик Россия активларини Украинага ёрдам сифатида йўналтиришни назарда тутади. Бу маблағлар ҳар 90 кунда Киевга 250 млн доллар миқдорида ажратилади.

Қонун лойиҳалари энди Сенатнинг тўлиқ таркибида кўриб чиқилади. Таҳлилчилар фикрича, улар қабул қилинса, Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатлар янада совуқлашиши муқаррар.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШ Сенати Россияни терроризмни қўлловчи давлат сифатида тан олиши мумкин | Vaqt.uz