АҚШ тўрт кунда 2 млрд долларлик техникасини йўқотди
Эронга қарши ҳарбий операция бошланганидан кейин қисқа вақт ичида АҚШ бир неча мамлакатларда жойлашган муҳим ҳарбий объектлари ва техникаларига катта зарар кўргани айтилмоқда.

АҚШ Эронга қарши ҳарбий операция бошлаганидан буён тўрт кун ичида қарийб 2 миллиард долларлик ҳарбий техникасидан айрилди. Бу ҳақда «Anadolu» ахборот агентлиги турли манбаларга таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, умумий ҳисобда АҚШнинг зарари 1,902 миллиард долларга етган. Йўқотишлар асосан Яқин Шарқдаги бир нечта ҳарбий база ва инфратузилмалар билан боғлиқ ҳолда қайд этилган.
АҚШ йўқотган ҳарбий техникалар
Хабарда айтилишича, Кувайт ҳудудида Америка Қўшма Штатлари учта F-15E қирувчи самолётини йўқотган. Уларнинг умумий қиймати тахминан 282 миллион доллар деб баҳоланмоқда. Пентагон бу самолётлар тасодифий равишда Кувайт томонидан уриб туширилганини маълум қилган.
Яна бир йирик зарар Бирлашган Араб Амирликларидаги THAAD ракетага қарши мудофаа тизимига берилган зарба билан боғлиқ. Эрон қуролли кучларининг ҳужуми оқибатида мазкур тизимга тахминан 500 миллион долларлик зарар етгани билдирилмоқда.
Энг катта йўқотишлардан бири эса Қатарда жойлашган АҚШ ҳарбий базасида қайд этилган. Бу ерда қиймати 1,1 миллиард долларга баҳоланадиган радиолокация тизими йўқ қилингани айтилмоқда. Маълум қилинишича, мазкур тизим ҳарбий тўқнашувнинг биринчи кунидаёқ ишдан чиққан.
Шунингдек, Эрон АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Баҳрайндаги Бешинчи флоти таъминот марказига ҳам зарба бергани хабар қилинди. Ушбу ҳужум натижасида нархи тахминан 20 миллион доллар бўлган икки сунъий йўлдош алоқа терминали ҳамда бир нечта инфратузилма объектлари йўқ қилингани қайд этилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, минтақа бўйлаб ҳарбий вазият кескинлигича қолмоқда. Таҳлилчилар бу каби йўқотишлар можаро чуқурлашиши ва ҳарбий харажатлар янада ортишига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.





