АҚШда Трамп тасвири туширилган паспортлар чиқарилади

Bugun 15:151 daqiqa

АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Доналд Трамп тасвири туширилган махсус паспортлар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.

АҚШда Трамп тасвири туширилган паспортлар чиқарилади © Reuters

АҚШда давлат мустақиллигининг 250 йиллигига тайёргарлик доирасида янги форматдаги шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар — махсус серияли паспортлар чиқарилади. Бу ҳақда Давлат департаментига таяниб, BBC хабар берди.

Паспорт кимлар учун?

Маълум қилинишича, ушбу паспортлар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади ва фақат Вашингтон шаҳридаги паспорт агентлиги орқали тақдим этилади. Агар фуқаролар паспортни онлайн тарзда ёки бошқа бўлимлар орқали расмийлаштирса, уларга оддий дизайндаги стандарт ҳужжат берилади.

Паспорт дизайни

Янги паспортларнинг ички қисмига Доналд Трамп тасвири ва унинг олтин рангдаги имзоси жойлаштирилади. Орқа муқовада эса америкалик рассом Жон Трамбалнинг машҳур «Мустақиллик декларацияси» асаридан парча акс эттирилади.

Ҳозирча мазкур махсус сериядаги паспортлар қанча нусхада чоп этилиши очиқланмаган. Бу эса уларнинг коллекцион аҳамияти юқори бўлишини кўрсатиши мумкин.

Айни пайтда амалдаги АҚШ паспортларида мамлакат тарихи ва рамзларига оид тасвирлар жой олган. Жумладан, Ойга қўниш манзараси ҳамда Озодлик ҳайкали каби миллий символлар акс эттирилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Ғазначилик департаменти 2026 йил июн ойидан бошлаб мамлакат банкнотларида президент Доналд Трамп имзоси жойлаштирилишини маълум қилган. Расмийларга кўра, Трамп имзоси амалдаги Ғазначилик котиби Скотт Бессент имзоси билан бирга жойлаштирилади. Ушбу ташаббус ҳам Америка мустақиллигининг 250 йиллигини нишонлаш доирасида амалга оширилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid