Logo

Августда сўм рекорд даражада мустаҳкамланди: доллар курси қандай ўзгарди?

Август ойида рубль долларга нисбатан 7,2 фоизга қадрсизланиб, энг тебранувчан валюта бўлди. Сўм эса аксинча, 1,7 фоизга мустаҳкамланиб, шу йилдаги энг юқори ойлик натижани қайд этди.

Августда сўм рекорд даражада мустаҳкамланди: доллар курси қандай ўзгарди? © Ijtimoiy tarmoqlar

Август ойида сўмнинг долларга нисбатан 1,7 фоизга мустаҳкамланиши 2026 йилдаги энг юқори ойлик ўсиш бўлди. Бошқа асосий валюталарда ҳам доллар курсига нисбатан сезиларли ўзгаришлар қайд этилди.

Сўм августда энг юқори даражада мустаҳкамланди

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг маълумотларига кўра, шу йил август ойида сўм АҚШ долларига нисбатан 1,7 фоизга мустаҳкамланган. Бу йил давомида қайд этилган энг йирик ойлик мустаҳкамланиш ҳисобланади.

Август ойида танлаб олинган 39 та валютанинг 25 таси долларга нисбатан ўз қийматини оширган.

1

Манба: Миркономика


Энг юқори мустаҳкамланган валюта Жанубий Корея вони бўлиб, у бир ойда долларга нисбатан 4,5 фоизга кучайган. Аксинча, энг катта қадрсизланиш Россия рублида кузатилган — рубль бир ой ичида долларга нисбатан 7,2 фоиз қийматини йўқотган.

Қозоғистон тенгеси эса август ойида долларга нисбатан 2,1 фоизга мустаҳкамланган.

Шунингдек, йирик валюталарнинг барчаси август ойида долларга нисбатан мустаҳкамланган.

Йил бошидан бери вазият қандай?

Йил бошидан буён танлаб олинган 39 та валютанинг 16 таси долларга нисбатан мустаҳкамланган, 19 таси эса қадрсизланган.

2

Манба: Миркономика

Бу даврда икки йирик энергия экспортчиси давлат — Қозоғистон ва Россия валюталари қарама-қарши натижа кўрсатган. Хусусан, йил бошидан бери тенге долларга нисбатан 7,9 фоизга мустаҳкамланган бўлса, рубль 10,5 фоизга қадрсизланган.

Сўм эса йил бошидан буён долларга нисбатан 1,9 фоизга мустаҳкамланган.

Сўмнинг тебранувчанлиги ҳам камайган

Август ойида сўмнинг кунлик ўртача тебранувчанлиги 0,3 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич июль ойига нисбатан 14,3 фоизга қисқарган.

2025 йилнинг мос даври билан таққослаганда эса сўмнинг кунлик ўртача тебранувчанлиги қарийб 40 фоизга камайган. Ўтган йил августида бу кўрсаткич 0,49 фоиз бўлган.

Бошқа валюталар билан солиштирганда, сўм август ойида ўртача тебранувчан валюталардан бири бўлган.

3

Манба: Миркономика

Энг юқори кунлик тебранувчанлик рублга тўғри келган — 0,74 фоиз. Тенгеда бу кўрсаткич 0,37 фоиз бўлган.

Шу билан бирга, сўмнинг кунлик тебранувчанлиги Швейцария франки (0,29 фоиз), евро (0,2 фоиз) ва фунт стерлинг (0,2 фоиз) каби йирик валюталарникидан юқори шаклланган.

Teglar

Mavzuga oid