«Автотеррористлар эркалатиладиган диёр»: 10-синф ўқувчиси уриб кетган ЙПХ ходими вафот этди
Жамоатчилик фаоллари мазкур фожиани шунчаки тасодиф эмас, балки йўллардаги «бузуқ тизим» ва «бойваччаларнинг жазосизлик ҳисси» натижаси деб атамоқда.

Тошкент шаҳрида 2010 йилда туғилган вояга етмаган бола бошқарувидаги BMW уриб кетган ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаров вафот этди. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар қилди.
Воқеа 25 феврал куни соат 21:48 ларда Тошкент шаҳрида юз берганди. Кичик сержант Хосилбек Эшназаров ЙТҲ оқибатида ҳаёти учун оғир тан жароҳатларини олиб 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган. У кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди.
Кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров 2022 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилган. Унинг ортидан 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди.
«Бойваччалар»
Жорий йилнинг январ ойида Тошкент марказида иккита BMW автомобили ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, хавфли манёврлар билан қочиб кетган эди. Ушбу воқеа иштирокчиларидан бири, «Uzbelas Performance» автосервиси бошлиғи Асадбек Жумаев блогер Малик Муҳаммедовга берган интервюсида қилмишидан фахрланиши, «таниш-билишлари» борлиги ва «10 баравар БҲМ (4 млн сўм атрофида) жарима билан қутулиб қолгани» билан мақтанганди.
Орадан кўп ўтмай, 25 феврал куни худди шу «муҳит» вакилларидан бири, Асадбек Жумаевнинг таниши — ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, 10-синф ўқувчиси (16 ёшли ўсмир) BMW M4 русумли юқори тезликдаги машинада хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборди, ва унинг умрига зомин бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳрида ЙПХ ходимларига бўйсунмай қочиб кетган BMW автомобиллари акс этган видеони «масхаралаш» учун эълон қилган Асадбек Жумаевнинг суд иши қайта кўриб чиқилди ва у 10 суткага қамалди.
Жамоатчилик эътирози
Блогер ва юрист Хушнудбек Худойбердиев мазкур ҳолатни «тасодифий воқеа эмас, балки узоқ йиллардан буён йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида бузуқ қадриятлар устувор бўлиб келаётганининг натижаси» деб атади. Унга кўра, шу соҳага масъуллар барча айбни ўз зиммасига олиши керак.
«Автотеррористлар эркалатиладиган, автомобиль улуғланадиган диёрда ҳали бу каби аянчли воқеалар яна бўлади. Чунки бизда мақсад қоидабузарларга қарши кураш эмас, балки жарима орқали кўпроқ соққа ундириш бўлган. Масалан, бугун ҳам Ўзбекистондаги энг катта жарима бу рухсатсиз тонировка билан юриш учун ўрнатилган. Лекин қизилда ўтганда жарима салкам 10 баравар арзон. Белгиланган тезликдан 60 км/соат тезроқ келганда жарима салкам 2 баравар арзон. Шунақа жазо тизимини ишлаб чиққанларнинг қурт еган каллаларига қойил!», — дея ёзди у ўз саҳифасида.
Хушнудбек Худойбердиевнинг таъкидлашича, бу тизим бюджетга миллиардлаб пул туширади, камбағалларни қоидаларга бўйсунишга мажбурлайди (чунки уларнинг пули йўқ), аммо бойлар учун нақ жаннат бўлади.
«Пулини тўлаб, истаганча қоида бузаверади. Мақтаниб интернетга қўяверади. ЙПХ инспекторларининг устидан хоҳлаганча кулаверади. Хуллас, автотеррорист бойлар давлатга ҳам, қонунларга ҳам тупуриб қўйган. Шунақа муҳит, шунақа қонунчилик яратган ҳам ўзимиз. Ана энди ҳосилини ҳам ўзимиз терамиз. Фақат бу қонли ҳосил. Ҳар йили минглаб ўликлар билан бадал тўлаймиз. Ота-онасиз қолган етимлар, боласиз қолган ота-оналарнинг қонли кўз ёшлари билан ҳосил теришга мажбурмиз. Баракалла! Масъулларга раҳмат! Қонун чиқарувчи парламентимизга ташаккур. Бутун дунё шаҳар ичида тезликни камайтириш, пиёдаларга устунлик бериш, машиналарни чеклаш ҳақида ўйлаётган бир даврда биз шаҳар ичида рухсат этилган тезликни ошираётганимизнинг ўзи кимлигимизни айтиб турибди. Бузуқ миялар, бузуқ каллалар, бузуқ қадриятлар, бир сўз билан айтганда — бузуқ тизим», - дея ёзди у.
Иқтисодчи-блогер Баҳодир Абдуллаев мазкур воқеа айбдорлари фақат бола ва унинг ота-онаси деган фикрга мутлақо қўшилмаслигини айтди.
«Менимча, биз мана шу воқеа олдини олишимиз мумкин эди. Биз одамлар ЙПХ инспектори устига машина ҳайдамайдиган, ундан қочишга уринмайдиган жамият қуришимиз мумкин эди. Биз 10-синф ўқувчиси муқаррар равишда одам ўлдиришга қараб кетаётганини кўра била туриб, унга реакция қилолмайдиган тизимимизни тўғрилашимиз мумкин эди, шунда бугун у мактабида ўтирган бўларди. Биз 3 нафар бола етим бўлиб қолишининг олдини олишимиз мумкин эди. Бугунги воқеа айбдорлари фақат бола ва унинг ота-онаси деган фикрга мен мутлақо қўшилмайман. Уруш йўқ, тинч маконда давлат хизматчиси бундай вафот этишини нормал эмас, бу тизимнинг ёриқларини кўрсатган оғир хулоса. Агар хулоса ола билсак, албатта», - дея ёзди Баҳодир Абдуллаев.





