Аёллар бандлиги учун 25 трлн сўм, Тошкентнинг янги мега-аэропорти ва сув танқислигига қарши 600 млрд — 6-март дайжести

06.03.2026 | 23:102 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Аёллар бандлиги учун 25 трлн сўм, Тошкентнинг янги мега-аэропорти ва сув танқислигига қарши 600 млрд — 6-март дайжести

Аёллар бандлиги учун 25 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизни даромадли қилиш ва уларнинг 400 мингини тадбиркорликка жалб этиш бўйича дастур амалга оширилади. Президент маълум қилишича, ушбу мақсадлар учун жами 25 триллион сўмдан ортиқ молиявий ресурс ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, 166 минг нафар аёл замонавий касб ва тадбиркорликка ўқитилади, яна 100 минг нафари ахборот технологиялари соҳасида билим олади.

«Даромадли аёл» дастури доирасида уй шароитида тадбиркорликни ривожлантириш орқали 50 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади. Шунингдек, «Hamroh» дастури орқали аёллар томонидан амалга оширилаётган 3 мингта лойиҳага жами 1 триллион сўм ажратилади. Таълим соҳасида эса эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун давлат гранти квотаси икки баробарга оширилиб, 4 мингтага етказилиши режалаштирилган.

Тошкентдаги янги халқаро аэропортининг лойиҳаси Президентга тақдим қилинди

Тошкентда барпо этиладиган янги халқаро аэропорт лойиҳаси Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 208,4 минг квадрат метрли йўловчи терминали ва узунлиги 4 километрдан бўлган икки учиш-қўниш йўлаги қурилиши режалаштирилган. Янги инфратузилма пойтахтнинг авиация имкониятларини кенгайтириб, Тошкентни халқаро транспорт хабига айлантириш стратегиясига хизмат қилиши кутилмоқда.

Лойиҳага кўра, аэропорт йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш ва соатига 30 та самолётнинг учиши ҳамда қўнишини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Унда 169 та ҳаво кемаси учун туриш жойлари ташкил этилади. Янги аэропорт Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1300 гектар майдонда халқаро консорциум иштирокида барпо этилади. Биринчи босқич қиймати 2,5 млрд доллар бўлган аэровокзал ва аэродром қурилишини қамраб олади.

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи уч кундан бери пасаймоқда

Марказий банк 6-март куни амал қиладиган олтин қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қилди.

Унга кўра, 5 гр олтин қуйма нархи 10 394 000 сўмгача тушди.

3-март куни олтин қуймалари нархи рекорд янгилаб, 5 гр кўринишидаги олтин қуймалари биринчи марта 10 млн 864 минг сўмга чиққанди. Охирги уч кунликда эса 5 гр олтин қуйма нархи 470 000 сўмгача арзонлади.

Сув танқислигининг олдини олишга 600 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистонда 2026 йилда кутилаётган сув танқислигининг олдини олиш мақсадида 600 млрд сўм маблағ ажратилади. Президент қарорига кўра, ушбу маблағнинг 480 млрд сўми каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштиришга, 120 млрд сўми эса сув танқислигини бартараф этишга қаратилган бошқа чора-тадбирларга йўналтирилади. Шу доирада сув йўқотилиши юқори бўлган 389 км канал реконструкция қилиниб, бетонлаштирилади.

Ушбу ишлар натижасида йилига 206 млн куб метр сув ва 26 млн киловатт соат электр энергиясини тежаш мумкин бўлади. Шунингдек, 159 минг гектар суғориладиган ернинг сув таъминоти яхшиланиб, каналларнинг сув ўтказиш қуввати 20 фоизгача ошиши ва сувнинг далаларга етиб бориш вақти 2–3 баробарга қисқариши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid