«Айримлар ҳали ҳам уйғонгани йўқ». Президент биринчи чорак натижаларини таҳлил қилмоқда
Ўзбекистонда январ-март ойларида бюджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етган.
© Президент матбуот хизматиБугун, 24-апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Билдирилишича, биринчи чорак якуни билан ялпи ички маҳсулот 8,7 фоизга, саноат 8 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоизга ўсган. Экспорт 5,8 миллиард долларни, хорижий инвестиция ҳажми эса 13,7 миллиард долларни ташкил қилган. Инфляция йиллик ҳисобда биринчи марта 7,1 фоизгача пасайган.
Буларнинг ҳисобига январ-март ойларида бюджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етган. Маҳаллий бюджетларда қўшимча 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ шаклланган. Муҳими, шундан 1 триллион 400 миллиард сўм туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолди.
Халқаро фонд бозорларига чиқиш
Келаси ой 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизи илк бор халқаро фонд бозорларига чиқарилади. Бу Миллий инвестиция жамғармасини ташкил қилиб, 13 та стратегик корхона бошқарувини нуфузли «Франклин Темплетон» компаниясига берилгани учун бўляпти.
«Бир нарсани билинглар: иқтисодиётимизни халқаро миқёсда янги даражага олиб чиқиш учун чуқур ўйлаб, якуний қарорга келганмиз», – деди давлат раҳбари.
ХВЖ ҳисоботи ва иқтисодий эркинлик индекси
Йиғилишда ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган ҳисоботда юқори иқтисодий фаоллик орқали Ўзбекистон кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолаётгани қайд этилди.
Президент яна бир кўрсаткичга эътибор қаратди: жорий йил Ўзбекистон нуфузли «Иқтисодий эркинлик индекси»да 14 поғона юқорилаб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторидан жой олди.
«Бунинг учун қандай қийин ва машаққатли йўлни босиб ўтганимизни билганлар билади.
Умуман, йил бошидан эришилган натижалар, кўрсаткичлар меҳнатимизга яраша бўлди. Лекин ишламай қуруқ ойлик олиб ўтирганлар ҳам ишлаганлар билан «битта поездда кетяпти».
Замон, иқтисодиёт ва одамлар талаби кун сайин ортмоқда. Йилнинг учдан бири ўтиб бўлди. Афсуски, айримлар ҳали ҳам «уйғонгани йўқ», – деди Президент.





