БАА девелоперлари учун хавфли давр: уруш, облигациялар ва 30 фоизгача пасайиш сценарийси
«Bloomberg» маълумотларига кўра, БААдаги люкс кўчмас мулк компаниялари энг ёмон ҳолатда нархлар 30 фоизга тушиши ва тушум камайишини прогноз қилмоқда.

Бирлашган Араб Амирликларидаги бир нечта люкс кўчмас мулк девелоперлари инвесторларни тинчлантиришига тўғри келди, чунки девелоперлар облигацияларининг бир қисми Эрон билан можаро фонида муаммоли қарзлар тоифасига тушиб кетди, деб хабар қилди «Bloomberg».
Компанияларнинг пессимистик сценарийларига кўра, сотувлар 20–30 фоизга тушиши мумкин, аммо улар ҳатто бундай ҳолатда ҳам барқарор қолишларини таъкидламоқда.
Дубай асосий индексидаги 17 фоиз пасайиш
«Binghatti» ва «Omniyat» каби люкс кўчмас мулк қурилиш компаниялари қарз қимматли қоғозларига босим кучайгани сабаб инвесторлар билан қўнғироқлар ўтказди, деб маълум қилди «Bloomberg» манбалари. Бир ойдан бери давом этаётган Яқин Шарқдаги уруш минтақа девелоперларининг облигацияларига салбий таъсир кўрсатди. Манбаларга кўра, шундай маслаҳат учрашувларини «Sobha Realty» ва «Arada Developments» ҳам ўтказган.
Тўртта компания облигациялари инвестицион даражадан паст рейтингга эга. Рейтинг агентликлари геосиёсий хавфлар талабга таъсир қилиши ва қурилиш харажатлари ошиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. «Fitch Ratings» «Binghatti», «Omniyat» ва «Arada» рейтингларини пасайтириш эҳтимоли билан қайта кўриб чиқиш рўйхатига киритди.
Ой бошида Бурж Халифа қурилиши билан машҳур «Emaar Properties» ҳам инвесторларга мурожаат қилган эди. «Bloomberg» ҳисоб-китобларига кўра, можаро бошланганидан буён компания акциялари тахминан 28 фоизга тушган, бу Дубай асосий индексидаги 17 фоиз пасайишдан анча юқори. Ҳинд миллиардерига тегишли «Sobha Realty» котировкалари эса бир ой ичида 16 фоизга тушиб кетди.
Энг ёмон сценарийлар нима дейди?
Инвесторлар билан қўнғироқлар чоғида девелоперлар стресс-сценарийларни тақдим этди. «Binghatti» ҳисоблашича, энг ёмон ҳолатда сотилмаган объектлар нархи 30 фоизга тушиши, тушум эса 20 фоизга камайиши мумкин. Шунга қарамай, компания 2026-йил охиригача 5 млрд дирҳамдан ортиқ (1,4 млрд доллар), 2027-йил охиригача эса тахминан 14 млрд дирҳам (3,8 млрд доллар) пул маблағларига эга бўлишини кутмоқда. Шунингдек, компания мижозлар томонидан тўловлар кечикиши кузатилмаётганини билдирган.
«Omniyat» ҳам нархлар 20 фоиздан ортиқ пасайиши мумкин бўлган сценарийни кўриб чиққан, бироқ ликвидлик барқарорлигини таъкидлаган.
«Omniyat» баёнотида 1,4 млрд доллардан ортиқ ликвид активларга эга эканини, бу қарзларни қоплаш учун етарлилигини билдирди. «Sobha Realty» эса инвесторлар билан бир нечта қўнғироқ ўтказганини тасдиқлаб, ликвидликни сақлаш устувор вазифа эканини таъкидлади.
БАА урушдан энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири
Урушдан олдин девелоперлар Дубай ва Абу Дабида ер участкалари сотиб олиш учун фаол қарз олган. 2025-йилда БААда кўчмас мулк соҳасида чиқарилган облигациялар ҳажми қарийб 7 млрд долларга етди, бу 2024-йилга нисбатан икки баробардан кўп ва рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Натижада 2030-йилга қадар тахминан 8 млрд долларлик облигациялар тўланиши керак бўлади.
Жуда бой мижозлар элита виллалар ва пентхаусларни фаол сотиб олгани туфайли Дубай 10 млн доллардан юқори уй-жой савдоси бўйича Ню Йорк ва
Ҳонгконгни ортда қолдирган
Бироқ можаро давомида БАА Эроннинг ҳарбий ҳаракатларидан энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бирига айланди: энергетика инфратузилмаси, аэропортлар, тураржой ва тижорат бинолари снарядлар ва дронлар қолдиқларидан зарар кўрди. Брокерлар маълумотига кўра, кўплаб харидорлар кутиш позициясини эгаллаган, айрим инвесторлар эса қурилиш босқичидаги объектларни сотиб олишни кечиктирмоқда.





