Logo

Банк карталарига тушган йирик маблағлар ҳақидаги маълумотларни олиш банк сирини бекор қилмайди — Солиқ қўмитаси

Bugun 14:042 daqiqa

Солиқ қўмитаси муҳокамаларга сабаб бўлаётган лойиҳа юзасидан тушунтириш берди.

Банк карталарига тушган йирик маблағлар ҳақидаги маълумотларни олиш банк сирини бекор қилмайди — Солиқ қўмитаси © Davlat soliq qo'mitasi

Солиқ қўмитаси банклар томонидан солиқ органларига ахборот тақдим этиш тартибини белгилайдиган қарор лойиҳаси юзасидан расмий тушунтириш берди.

Идорага кўра, ҳужжат банк ҳисобварақлари ёки омонатлар устидан янги назорат механизмларини жорий этишни эмас, балки мавжуд ахборот алмашинуви қоидаларини ягона тартибга солишни назарда тутади.

Қўмита айрим оммавий ахборот воситаларида ҳужжат асосан аҳоли омонатларига қаратилган ташаббус сифатида талқин қилинаётгани лойиҳанинг асл мазмунини тўлиқ акс эттирмаслигини таъкидлади.

«Лойиҳа солиқ органларига янги ваколатлар бермайди, банк сирини бекор қилмайди ҳамда фуқаролар ёки тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларига эркин кириш имкониятини назарда тутмайди. Банклар солиқ органларига маълумотларни фақат қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этишга ҳақли», — дейилади қўмита баёнотида.

Қўмита, шунингдек, «Банк сири тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, солиқ солиш билан боғлиқ маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилиши мумкинлигини эслатди.

Бунда солиқ органлари томонидан олинган маълумотлар солиқ сири ҳисобланади. Уларни ошкор қилиш, учинчи шахсларга бериш ёки белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланиш тақиқланган.

Солиқ қўмитаси бундай ахборот алмашинуви механизмлари халқаро амалиётда, жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида кенг қўлланилишини таъкидлади. Ҳужжат ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, келиб тушган таклифлар асосида такомиллаштирилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ Қўмитаси муҳокага қўйган лойиҳада «Банк-солиқ» махсус ахборот алмашиш модулини ишлаб чиқиш таклиф этилган. Унга кўра, агар жисмоний шахснинг битта картасига бир ой давомида бошқа шахслар карталари ёки электрон ҳамёнларидан БҲМнинг 500 бараварига тенг ёки ундан ортиқ маблағ, яъни ҳозирги ҳисобда 206 млн сўм келиб тушса, банк бу ҳақда Солиқ қўмитасига маълумот юборади.

Teglar

Mavzuga oid