Беларус Ўзбекистонга АЭС қурилишида технология ва кадрлар билан ёрдам бермоқчи
Беларус Президенти Ўзбекистон атом энергетикаси лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлигини билдириб, технологиялар етказиб беришни ва маҳаллий мутахассислар тайёрлашда ёрдам беришни таклиф қилди.

Беларус президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга атом электр станцияси қуришда технологиялар тақдим этиш ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Лукашенко Минскда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашувда маълум қилди.
Лукашенко Беларус мутахассислари атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик каби бир қатор соҳаларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга эканлиги ҳақида маълум қилди. Унга кўра, беларуслик мутахассислар Россия билан ҳамкорликда атом энергия блокларини қуриш жараёнида катта тажриба тўплаган.
Беларус раҳбари Ўзбекистон биринчи атом электр станциясини барпо этиш масаласида Беларус тажрибасига қизиқиш билдирганини ҳам қайд этди. Лукашенконинг сўзларига кўра, Ўзбекистон делегацияси исталган вақтда Беларусга ташриф буюриб, маҳаллий мутахассислар билан музокаралар ўтказиши мумкин.
«Агар сизга маъқул бўлса, исталган вақтда келишингиз мумкин. Мутахассислар билан учрашиб, муҳокама қиласиз. Биз сизнинг атом электр станциянгиз қурилишига ҳисса қўшамиз», — деди Лукашенко.
Беларус президентининг таъкидлашича, Минск Тошкент билан атом энергетикаси соҳасида чуқур ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. У беларуслик экспертлар ушбу соҳада қўлдан келганча ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди. Лукашенко Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги савдо айланмасини келгуси йилларда 2 миллиард долларга етказиш мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, икки давлат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат технологиялари ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Маълумот учун, 2025 йил август ойида «Ўзатом» агентлиги делегацияси Беларусга ташриф буюриб, мамлакатнинг атом электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш тажрибасини ўрганганди. Делегация раҳбари Азим Ахмедхўжаев Беларус энергетика вазири Денис Мороз билан атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилган.
Музокараларда Ахмедхўжаев Ўзбекистон Беларусни атом энергетикаси соҳасидаги муҳим ҳамкорлардан бири сифатида кўраётганини таъкидлаган. Денис Мороз эса беларуслик мутахассислар Ўзбекистондаги АЭС қурилишида иштирок этиши мумкинлигини билдирган.





