Logo

Беморлардан асоссиз олинган 200 млн сўм, болалар ҳимояси бўйича Бош вазирга сўров ва my.gov.uz'даги янги қулайлик — 29 сентябр дайжести

Kecha 23:303 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Беморлардан асоссиз олинган 200 млн сўм, болалар ҳимояси бўйича Бош вазирга сўров ва my.gov.uz'даги янги қулайлик — 29 сентябр дайжести © Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Бош вазирга болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи бўйича сенатор сўрови юборилди

Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова томонидан Бош вазир Абдулла Ариповга вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларга зўравонлик жиноятларини содир этган шахсларни ишга қабул қилишнинг олдини олиш юзасидан сенатор сўрови юборилди. Сўровда ҳукуматдан соғлиққа, жинсий эркинликка ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларнинг махсус реестридан фойдаланиш ҳолати, ушбу базага юборилган сўровлар статистикаси ҳамда реестрга киритилган шахсларнинг меҳнат фаолияти бўйича асослантирилган тушунтиришлар бериш талаб қилинган.

Маълумот ўрнида, 2023 йилда қабул қилинган қонун ва Президентнинг 2026 йил 3 мартдаги (ПФ-33-сонли) фармонига асосан, болаларга қарши жиноят содир этган шахсларнинг таълим, тарбия, соғломлаштириш ва спорт ташкилотларида ишлаши қатъиян тақиқланиб, уларнинг махсус реестрини юритиш ва ундан ташкилотларнинг фойдаланиш тизимини такомиллаштириш белгиланган эди. Бироқ, сенаторларнинг таъкидлашича, амалиётда мазкур қонунчилик талабларининг ижроси ва назорат механизмларининг қўлланилишида ҳанузгача қатор тизимли муаммолар ва очиқ масалалар сақланиб қолмоқда.

Айрим шифохоналарда аҳолидан 200 млн сўмдан ортиқ пул асоссиз олингани маълум бўлди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида Наманган, Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар кўрсатишда фуқаролардан жами 200 млн сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилгани аниқланди. Жумладан:

- Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2026 йилнинг февраль–апрель ойларида қиёсловдан ўтмаган УЗИ аппарати орқали 416 нафар бемордан 34,3 млн сўм;
- Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман соғлиқни сақлаш бўлимида 2024–2025 йиллар давомида нархларни ошириб белгилаш ҳисобига 55,7 млн сўм;
- Навоий вилоятидаги Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида 2023–2025 йилларда 35 млн сўмга яқин ортиқча маблағ олинган.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан юқоридаги учта тиббиёт муассасасига нисбатан махсус комиссиялар томонидан иш қўзғатилди. Қўмита томонидан тарифларни амалдаги қонунчилик талаблари асосида қайта шакллантириш ҳамда 125 млн сўмга яқин маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Энди банк карталарини бир жойдан текшириш имкони пайдо бўлади

Ўзбекистон фуқаролари энди Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ўз номига расмийлаштирилган барча банк карталари тўғрисидаги маълумотларни бир жойда кўриш имкониятига эга бўлди.

Янги хизмат доирасида фойдаланувчиларга тегишли фаол пластик карталар билан бир қаторда, турли банк иловалари орқали масофадан очилган виртуал карталар ҳам акс этади. Хизматдан фойдаланиш учун my.gov.uz порталига авторизациядан ўтиб, «Банк карталари» бўлимини танлаш кифоя.

Айни пайтда мазкур тизим тест режимида ишламоқда ва унда фақат Ўзбекистонда фаолият юритувчи тижорат банклари томонидан чиқарилган карталар кўрсатилади.

Teglar

Mavzuga oid