Айрим шифохоналарда аҳолидан 200 млн сўмдан ортиқ пул асоссиз олингани маълум бўлди
Учта тиббиёт муассасасига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Тарифларни амалдаги тартиб ва талаблар асосида қайта шакллантириш ҳамда нархларни мақбуллаштириш, 125 млн сўмга яқин маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarНаманган, Самарқанд ва Навоийдаги тиббиёт муассасаларида фуқаролардан 200 млн сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олингани аниқланиб, қайтарилиши белгиланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Айтилишича, аҳолига кўрсатилаётган пулли тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши бўйича тегишли қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганда Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида томонидан 2026-йилнинг февраль, март ва апрель ойларида УЗИ аппарати орқали кўрсатилган хизматлар бўйича жами 416 нафар истеъмолчидан навбатдаги қиёслов кўригидан ўтказилмаган ҳолда 34,3 млн сўм маблағ асоссиз олингани аниқланган.
Қолаверса, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туман соғлиқни сақлаш бўлимида ўтказилган ўрганишлар давомида муассаса томонидан 2024–2025-йиллар давомида белгиланган тартибларга риоя этмаган ҳолда нархларни ошириб белгилаш натижасида беморларга кўрсатилган пулли тиббий хизматлар бўйича 55,7 млн сўмга яқин ортиқча маблағ олингани маълум бўлди.
Бундан ташқари, республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилояти филиалида ўтказилган ўрганишлар давомида муассаса томонидан 2023–2025-йиллар давомида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда нархларни ошириб белгилаш натижасида беморларга кўрсатилган пулли тиббий хизматларда 35 млн сўмга яқин ортиқча маблағ олингани аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, Наманган, Самарқанд ва Навоий вилояти ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан мазкур учта тиббиёт муассасаларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Шунингдек, тарифларни амалдаги тартиб ва талаблар асосида қайта шакллантириш ҳамда нархларни мақбуллаштириш, 125 млн сўмга яқин маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дори нархларини асоссиз оширган учта фармацевтика компанияси ортиқча олинган маблағни қайтарганди.





