Logo

«Бир очлардан олиб, бошқа очларга беришга мажбур бўляпмиз»: Жаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантириш эълон қилди

Эрондаги уруш ва гуманитар молиялаштиришнинг қисқариши миллионлаб инсонларни очарчилик хавфи остида қолдирди.

«Бир очлардан олиб, бошқа очларга беришга мажбур бўляпмиз»: Жаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантириш эълон қилди

Эрондаги можаронинг кескинлашиши ва глобал гуманитар ёрдам маблағларининг қисқариши дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу ҳақда Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) раҳбари вазифасини бажарувчи Карл Скау CNN телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари орасида оммавий очарчилик хавфи ортиб бормоқда.

Молиявий имкониятлар қисқаргани сабабли ташкилот ресурсларни қайта тақсимлашга мажбур бўлмоқда.

«Кўп жойларда биз бир очлардан олиб, бошқа очларга беришга мажбур бўляпмиз», — деди Скау.

Ҳўрмуз бўғози таъсири

WFP маълумотларига кўра, Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар ва транспорт ҳаракатининг чекланиши ёқилғи нархларини оширган. Бу эса гуманитар операциялар харажатлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг глобал миқёсда ошишига сабаб бўлган.

Айниқса, Судан каби давлатлар қишлоқ хўжалиги учун ўта муҳим бўлган ва Форс кўрфази орқали келтириладиган ўғит таъминоти занжиридан узилиб қолган.

Донорлар маблағи кескин қисқарди

Вазиятни оғирлаштираётган асосий омиллардан бири донор давлатлар томонидан ажратилаётган маблағларнинг камайиши бўлган.

WFP ҳисоб-китобларига кўра, халқаро молиялаштириш ҳажми сўнгги йилларда тахминан 40 фоизга қисқарган.

Ташкилотнинг энг йирик донори ҳисобланган АҚШ ҳам маблағ ажратишни камайтирган. 2026 йил июн ҳолатига кўра, Вашингтон томонидан ажратилган маблағ 731 миллион долларни ташкил этган. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган.

Маълумот учун: 1961 йилда ташкил этилган Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳар йили тахминан 4 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берадиган дунёдаги энг йирик гуманитар ташкилот ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid