БМТ Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон тайёрлаган резолюцияни қабул қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Қирғизистон Республикасининг «Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш» тўғрисидаги резолюциясини консенсус билан қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳужжат Қирғизистон томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда тақдим этилган бўлиб, унга 40 дан ортиқ мамлакат ҳаммуаллифлик қилди. Резолюциянинг асосий мақсади минтақа давлатларининг нозик масалаларни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ тарзда, тинчлик воситалари — мулоқот, музокаралар ва бошқа ўзаро келишилган услублар орқали ҳал этиш борасидаги тарихий ютуғини жаҳон ҳамжамияти билан баҳам кўришдан иборат.
Мазкур ҳужжат мамлакатлар чегара низоларига дуч келганда, олдинга қараб босиладиган йўл тинч, қонуний ва мулоқотга асосланган бўлиши кераклиги ҳақидаги оддий ва универсал принципни илгари суради.
Марказий Осиё давлатларининг резолюцияда қайд этилган ютуқлари бутун халқаро ҳамжамият учун конструктив намуна, яхши қўшничилик муносабатлари модели ҳамда минтақа мамлакатларининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига қўшган ҳиссаси бўлиб хизмат қилади.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Қирғизистон ва минтақа давлатларининг ўн йиллар давомида ечимини топмаган ўткир масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш қобилиятининг яна бир бор тасдиқланиши ва тан олинишидир.





