«Бошқаларга хизмат қилиш — бу ёруғ оламда яшаш учун тўлайдиган ижара ҳақимиздир»: Муҳаммад Али вафотига 10 йил тўлди
Боксчи номи билан аталувчи марказ бутун дунёни марҳумнинг хотираси учун бу кунда эзгу амаллар ва муҳтожларга ғамхўрлик қилишга чақирмоқда.

Муҳаммад Али туғилиб ўсган шаҳар унинг хотирасини халқаро «Меҳр-шафқат куни» билан ёд этмоқда. Марҳумнинг турмуш ўртоғи таъкидлашича, боксчининг қолдирган мероси жаҳон чемпионлиги ёки Олимпиада олтин медалларидан-да кенгроқ ва теранроқ маънога эга.
Паркинсон касаллиги билан узоқ йиллар курашиб, 2016 йилнинг 3 июнида вафот этган Али шу ҳафта Луисвиллдаги ўз номи билан аталувчи марказда хотирланмоқда. Ушбу марказ бутун дунё аҳлини бугунги санани эзгу амаллар ва инсонларга ғамхўрлик қилишга бағишлашга чорламоқда.
«Унинг таъсир доираси фақатгина бокс ринги билан чекланиб қолмай, инсон тасаввур қила оладиган барча соҳаларни қамраб олганди. Муҳаммад доимо бир шиор билан яшарди: “Бошқаларга хизмат қилиш — бу ёруғ оламда яшаш учун тўлайдиган ижара ҳақимиздир”. У ҳар бир кунини муҳтожларга нисбатан чексиз меҳр ва ҳамдардлик туйғуси билан ўтказарди» — деди Лонни Али.
Ўз она шаҳрида «Louisville Lip» (Луисвиллик тили бийрон) лақабини олган Али оддий оиладан етишиб чиқиб, оғир вазн тоифасида уч карра жаҳон чемпиони ва 1960 йилги Рим Олимпиадасининг олтин медали соҳибига айланди.
1960 йилларда шуҳрат чўққисига чиққан бир пайтда, у фуқаролик ҳуқуқлари ва Виетнам уруши масалаларида ўз позициясини очиқ-ойдин билдирувчи жамият фаолига айланди. Шу тариқа у барча даврларнинг энг нуфузли спортчиларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлаган.
«Бу кун Муҳаммад Алини шакллантирган асосий қадриятлардан бирига бағишланади», — деди у.
Шу билан бирга, Лонни хоним Қўшма Штатлар жамияти «ўз инсонийлиги ва ўзаро ришталарини йўқотиб бораётганидан» хавотир билдирди.
«Биз борган сари қутбланиб, бир-биримиздан узоқлашмоқдамиз ва худди ўзимиздек фикрлайдиган, ўзимизга ўхшайдиган одамлар қобиғига ўралиб олмоқдамиз — бошқаларга эса аслида ёрдам қўлини чўзмаяпмиз», — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, Лонни Али сиёсий етакчиларни «меҳр-шафқат билан раҳбарлик қилишга» чақирди ва 1965 йилда қабул қилинган тарихий «Сайлов ҳуқуқлари тўғрисидаги» қонунни кучсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатларни танқид остига олди.
«Биз жамиятни қандай қилиб қийин аҳволга солиб қўйиш эмас, балки унинг фаровонлигини ошириш устида бош қотиришимиз керак. Одамларни сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилар экансиз, ҳеч қачон тенгликка эриша олмайсиз», — дея таъкидлади у.
Лонни хонимнинг эслашича, 2016 йилда Муҳаммад Алининг хотирасига бағишлаб ўтказилган бир ҳафталик маросимлар давомида Луисвилл аҳолиси мисли кўрилмаган даражада жипслашган. Ўшанда марҳумнинг тобути болаликда яшаган уйи ёнидан олиб ўтилаётганда минглаб инсонлар кўчаларга чиққан, яна миллионлаб одамлар эса бу тарихий жараённи онлайн кузатиб борган.
Орадан ўн йил ўтиб, Алининг сиймоси АҚШ почта маркаларида ҳам акс этди. Лонни Алининг сўзларига кўра, бу марҳумнинг жасорат, эътиқод ва эзгуликка чорловчи ғоялари «қироллар ва шаҳзодалардан тортиб, то у билан ҳеч қачон кўришмаган, аммо унинг қалбини ҳис қила олган оддий мухлислар» юрагида ҳамон акс-садо бераётганининг ёрқин исботидир.

Оғир вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони Муҳаммад Али (ўнгда) 1973 йил 14 феврал куни Невада штатининг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган 12 раундлик жанг давомида оғир вазнда Буюк Британия ва Европа чемпиони Жо Бугнерга зарба бермоқда.

1973 йил 23 август куни Муҳаммад Али Кен Нортонга қарши реванш жангига тайёргарлик кўриш жараёнида Пенсилвания штатининг Дир-Лейк масканидаги машғулот лагерида болта билан дарахт чопмоқда. Ҳозирда қайта таъмирланган табиат қўйнидаги мазкур лагер 2019 йилда боксчининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ёдгорлик мажмуаси сифатида омма учун ўз эшикларини очган.

1974 йил 17 сентабр куни Киншаса шаҳри марказида Муҳаммад Али Жорж Форманга қарши оғир вазн тоифасидаги чемпионлик унвони учун кечадиган «Жунглидаги жанг» олдидан мухлислар томонидан кутиб олинмоқда.

2005 йилнинг ноябр ойида АҚШ президенти Жорж Буш Оқ уйда оғир вазн тоифасидаги собиқ чемпион Муҳаммад Алига президентнинг «Озодлик» медалини топширмоқда.

Муҳаммад Алига (марказда) 2012 йил 3 декабр куни Мексиканинг Канкун шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон бокс кенгашининг 50-конвенциясида «Бокс қироли» тожи кийдирилмоқда. Унга рафиқаси Лонни (ўнгда) ва аргентиналик боксчи Серхио Мартинес ҳамроҳлик қилмоқда.

2016 йил 10 июн куни Кентукки штатининг Луисвилл шаҳрида кўча бўйлаб саф тортган одамлар олдидан Муҳаммад Алининг дафн маросими кортежи ўтмоқда.

Муҳаммад Алининг тобутини олиб кетаётган машина унинг болаликдаги уйи (суратнинг юқори марказий қисмида тасвирланган) олдидан ўтмоқда.

2026 йил 8 январ куни Кентукки штатининг Луисвилл шаҳридаги Муҳаммад Али марказида бокс афсонасининг беваси Лонни Али унинг 1975 йилда чизилган портрети ҳақида сўзламоқда.

2026 йил 15 январ куни Кентукки штатининг Луисвилл шаҳрида бокс афсонаси Муҳаммад Али хотирасига бағишланган эсдалик маркалари сотилмоқда.





