Logo

Бугундан Тошкент аэропортида мобил қурилмаларни божхонадан ўтказишдаги чеклов бекор қилинди

«Бугундан яна мобил қурилмаларни бемалол олиб кириш бошланди. Шу пайтгача олиб қўйилган бир неча юзлаб мобил қурилмаларни ҳозирда қайтариш ишлари бошланди», — деди Ҳусан Тангриев.

Бугундан Тошкент аэропортида мобил қурилмаларни божхонадан ўтказишдаги чеклов бекор қилинди © Videodan kadr

Бугун, 11 ноябрь кунидан бошлаб Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб келинган мобил телефонларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш қайта йўлга қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Қайд этилишича, UZIMEI ва Божхона қўмитаси вакиллари ўртасида ўтказилган музокаралар якунида мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини аниқлашда божхона ходимларига ёрдам бериш учун UZIMEI вакилларининг Тошкент халқаро аэропортида доимий фаолият юритиши йўлга қўйилган.

Ушбу амалиёт йўлга қўйилгач, божхона постида телефонларни расмийлаштиришни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги чора бекор қилинган.

Олиб қўйилган телефонлар эгаларига қайтарилмоқда

Маълум қилинишича, чеклов амалда бўлган даврда йўловчилардан вақтинчалик олиб қўйилган бир неча юз дона мобил қурилмаларни ўз эгаларига қайтариш ишлари бошланган.

«Бугун куннинг биринчи ярмида UZIMEI вакиллари, Божхона қўмитаси вакиллари Тошкент халқаро аэропортида бўлишди, музокаралар олиб боришди. Яъни мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини аниқлашда, яъни чуқур аниқлашга зарурат туғилган ҳолларда Божхона қўмитасига, божхона ходимларига амалий кўмак бериш учун UZIMEI вакилларининг Тошкент халқаро аэропортида доимий фаолият юритиши йўлга қўйилди ва бугундан бошлаб вақтинча тўхтатиш ҳақидаги чора бекор қилинди. Бугундан яна мобил қурилмаларни бемалол олиб кириш бошланди. Шу пайтгача олиб қўйилган, демак, бир неча юз дона мобил қурилмаларни ҳозирда қайтариш ишлари бошланди», - деди Тангриев.

Чеклов ўрнатилишига нима сабаб бўлган эди?

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда 6 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон аэропортларида хориждан олиб кирилаётган қимматбаҳо смартфонлар (хусусан, iPhone) ва уларнинг IMEI-кодлари назорати кучайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, қиймати 1 000 доллардан юқори бўлган телефонлар қўшимча экспертизага юборилиб, бу жараён 30 кунгача давом этиши мумкин. Бироқ баъзи хабарларга кўра, 450 доллар (ёки ундан кўпроқ) миқдорида тўлов эвазига ушбу экспертизани бир кунда тезкор якунлаш таклиф қилинмоқда. Бу миш-мишлар фонида Тошкентдаги «Малика» бозорида iPhone 18 Pro Max нархи 10,6 фоизга (1700 доллардан 1880 долларгача) кўтарилиб кетган.

10 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб келинаётган смартфонларни божхонада расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди. Божхона қўмитаси чекловни айрим телефонларда сохта ёки бошқа қурилмага тегишли IMEI-кодлардан фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлади. Қайд этилишича, бундай ҳолатларни аниқлаш учун қўшимча текширувлар зарур бўлган. Натижада хориждан телефон олиб келган айрим йўловчилар қурилмаларини расмийлаштира олмай, уларни вақтинча божхонада қолдиришга мажбур бўлди.

Teglar

Mavzuga oid