Logo

Чет эл автомобилларининг Ўзбекистонда бўлиш муддати 180 кунгача узайтирилиши мумкин

Bugun 15:412 daqiqa

Божхона тўловларини кечиктириш муддати ҳам икки баробарга узайтирилиши, тадбиркорлар учун молиявий енгилликлар жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Чет эл автомобилларининг Ўзбекистонда бўлиш муддати 180 кунгача узайтирилиши мумкин © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда чет эл автотранспорт воситаларининг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини 90 кундан 180 кунгача узайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қуйи палатада божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат билан Божхона кодексида чет эл автотранспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини такомиллаштириш назарда тутилган.

Божхона тўловлари ва тадбиркорлар учун енгилликлар

Қонун лойиҳасида божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддатини 60 кундан 120 кунгача узайтириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашда ҳисобланадиган фоизларни Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенглаштириш, тадбиркорлик субектлари учун бош таъминот суммаларини камайтириш механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, литсензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари доирасида аризалар ҳамда уларга илова қилинадиган ҳужжатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ташқи савдо оператсияларида ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, тадбиркорларнинг молиявий юкини енгиллаштириш, божхона хизматлари шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг инвеститсиявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» (Жибек жоли) ўтказиш пункти 2026-йил 25-ноябрдан ишга туширилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid