Дам олиш кунлари об-ҳаво сезиларли даражада салқинлашади
Жума куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво 43 даражагача кўтарилади. Шанба кунидан бошлаб эса ҳарорат пасайиши кутилмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзгидромет дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйлаб кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.
Жума куни кундузи мамлакат бўйича ҳаво ҳарорати +36...+39 даража, жанубда баъзи жойларда +41...+43 даражагача бўлган иссиқ об-ҳаво сақланиб туради.
Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво кам булутли бўлади, фақат Қорақалпоғистон Республикасида куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Дам олиш кунлари республика бўйича ҳаво бироз булутли бўлиши кутилмоқда, ҳарорат кечалари +18...+21 даражагача, кундуз кунлари +32...+35 даражагача, жанубда +37...+40 даражагача пасаяди.
Кўпчилик вилоятларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона водийсида 22 август – шанба куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шамол секундига 7-12 метр тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метргача кучаяди, 22-августда республика жанубида секундига 22-25 метргача кучайиши мумкин. Республиканинг айрим жойларида шамолнинг кучайиши чанг-тўзонлар билан қайд этилади.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 3-8 метр тезликда эсади, 10-12 метргача кучайиши, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати бугун кундузи +36...+38 даража, дам олиш кунлари +32...+35 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +18...+21 даража бўлади.





