Logo

Давлат шифохоналаридаги хизматлар хусусий секторга 10 йилгача аутсорсингга берилади

Bugun 21:122 daqiqa

1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасаларида тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг асосида харид қилишнинг янги тартиби жорий этилади.

Давлат шифохоналаридаги хизматлар хусусий секторга 10 йилгача аутсорсингга берилади © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида соҳада хусусий сектор иштироки янада кенгайтирилади. Бу ҳақда 2026 йил 4 ноябрда қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича узоқ ва қисқа муддатли мастер режа (Мастер режа) асосида давлат ва хусусий сектор иштирокидаги қуйидаги механизмлар жорий этилади:
 
• тиббиёт соҳасига хусусий секторни тегишли ҳудудда тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж ҳамда давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг мавжуд қувватларини инобатга олган ҳолда жалб қилиш;
 
• давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамни кўрсатиш учун зарур бўлган тиббиёт муассасаларини давлат тасарруфида сақлаш ҳамда уларнинг қувватларини аҳолининг тиббий хизматларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжига мутаносиб равишда ривожлантириш;
 
• фаолиятининг самарадорлигини ошириш, илғор бошқарув тажрибаси ва замонавий клиник технологияларни жорий этиш зарур бўлган алоҳида тиббиёт муассасаларига профессионал бошқарувчиларни жалб қилиш ва бошқалар.
 
2027 йил 1 январдан давлат тиббиёт муассасаларида (тиббиёт муассасалари) тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг асосида харид қилишнинг янги тартиби жорий этилади. Бунда:
 
• аутсорсинг шартномалари хизматнинг хусусияти ва аутсорсер томонидан киритиладиган инвестициялар ҳажмидан келиб чиқиб, 5 йилгача муддатга тузилади;
 
• алоҳида ҳолларда инвестицияни қоплаш муддатидан келиб чиқиб, истисно тариқасида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосаси асосида аутсорсинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар 10 йилгача муддатга тузилиши мумкин.
 
Қайд этилишича, янги тартиб жорий этилгунга қадар муддати тугайдиган жорий аутсорсинг лойиҳаларини 2027 йил якунига қадар давом эттиришга рухсат берилади.

Teglar

Mavzuga oid