Давлат хизматчиларининг тадбиркорлар ишига ноқонуний аралашуви чекланади — Президент фармони

Айни бир тадбиркорлик субъекти билан 1 йил давомида 2 ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган давлат хизматчисига чора кўрилади.

Давлат хизматчиларининг тадбиркорлар ишига ноқонуний аралашуви чекланади — Президент фармони © ЎзА

Бугун, 17-апрел куни «Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–63-сон президент фармони қабул қилинди.

«Ягона давлат назорати» ахборот тизими

Фармонга кўра, 2026-йил 1-июлдан амалдаги функцияларига қўшимча равишда қуйидаги янги имкониятларга эга «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ва унинг мобил иловаси ишга туширилади:

тадбиркор фаолият юритадиган жойдаги туман (шаҳар) ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари ҳақида маълумот олиш ва уларга мурожаат қилиш (чат) тизимини яратиш;

ўтказилган текширувлар ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар натижаси бўйича давлат хизматчиси хатти-ҳаракатларига баҳо бериш;

текшириш ҳуқуқи бўлмаган ёки текширувга чиқиши белгиланмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида тадбиркорни хабардор қилиш ва бошқалар.

Қуйидагилар 2026-йил 1-августдан бошлаб жорий этилади:

назорат қилувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахслари ва ходимлари (давлат хизматчиси) ҳамда тадбиркорлар ўртасида назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида ҳисобга олиш тартиби;

«Ягона давлат назорати» ахборот тизимида тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни, шу жумладан, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширувлар ва профилактика тадбирларини рўйхатга олишни ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотларни ҳисобга олишни таъминловчи «Бизнес ҳимоя» QR-коди.

Тадбиркор ва давлат органи ўртасидаги мулоқотнинг шаффофлиги таъминланади

Фармонга кўра, давлат хизматчиси давлат органи номидан ёки ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркор фаолият юритадиган бинога назорат ёки профилактика тадбирини ўтказиш мақсадисиз ташриф буюриши ёхуд тадбиркорни бошқа жойга чақириши назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот (мулоқот) сифатида баҳоланади.

«Ягона давлат назорати» ахборот тизимига мулоқот ҳақидаги маълумотларни киритиш давлат хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади ва ушбу талабга риоя этмаганлик тегишли тартибда хизмат текшируви ўтказилиши учун асос бўлади.

Бўлиб ўтган мулоқотнинг асосли ёки асоссиз эканлигига баҳо бериш тегишли давлат органининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ёки ушбу функцияни амалга ошириш юклатилган бўлинма ёхуд мансабдор шахс томонидан амалга оширилади.

Айни бир тадбиркорлик субъекти билан 1 йил давомида 2 ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган давлат хизматчисига қуйидаги чоралар қўлланади:

давлат органининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси томонидан хизмат текшируви ўтказилади;

айни шу тадбиркорлик субъектида ўтказиладиган назорат тадбирларига охирги мулоқот қайд этилган санадан эътиборан 12 ой давомида иштирок этишига йўл қўйилмайди;

мазкур тақиққа риоя этмаслик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш ҳисобланади ҳамда текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома амал қилишининг 3 ойгача тўхтатиб турилишига олиб келади;

тадбиркор фаолиятини текшириш ва улар билан мулоқот қилиш тартибини сурункали тарзда бузувчи шахслар 6 ой муддатга Инсофсиз текширувчилар реестрига киритилади.

Teglar

Mavzuga oid