«Деярли мукаммал бўрон» — Европада газ нархлари икки ҳафтада 50 фоизга ошди

23.01.2026 | 08:202 daqiqa

Европада газ нархлари сўнгги икки ҳафта ичида 2023 йил октябридан бери энг тез суръатларда қимматлади. Совуқ об-ҳаво ва захиралар етишмаслиги фондида бозорда кескин бурилиш юз берди.

«Деярли мукаммал бўрон» — Европада газ нархлари икки ҳафтада 50 фоизга ошди

Сўнгги икки ҳафтада Европа газ бозорида нархлар 1,5 баробаргача ўсди ва 1000 метр куб учун 500 АҚШ доллари чегарасидан ошиб кетди. Асосий сабаб — январ ойида кутилмаганда кучайган совуқлар ва иситиш мавсуми олдидан етарли даражада тўлдирилмаган газ омборлари.

Нархларда кескин бурилиш

Январнинг биринчи ҳафтасида «Dutch TTF» фючерслари 26–28 евро/MWh атрофида савдо қилинган эди. Бу даража газ нархи 2025 йил давомида 40 фоиздан ортиқ арзонлашганини англатарди. Бироқ 22 январ куни котировкалар 41,86 евро/MWhʼгача кўтарилиб, бу 1000 метр куб учун тахминан 516,7 долларни ташкил қилди. Кейинчалик нарх 38 евро атрофида барқарорлашди.

«Бозордаги кайфият тўлиқ ўзгарди — буни деярли мукаммал бўрон, деб аташ мумкин», — деди «Global Risk Management» компаниясининг бош таҳлилчиси Арне Ломан Расмуссен.

Совуқ ва захиралар муаммоси

Кескин совуқлар ва қор ёғиши энергияга бўлган талабни кескин оширди. Шу билан бирга, Европа давлатлари иситиш мавсуми бошланишидан олдин газ омборларини талаб этилган 90 фоиз даражагача тўлдиришга улгурмаган. Узоқ вақт давом этган бозор барқарорлиги трейдерларда хавфсизлик ҳиссини кучайтирган.

Натижада, Европа Иттифоқи союз газ омборларининг тўлдирилганлик даражаси 48,4 фоизгача тушиб кетди. Бу эса сўнгги беш йилда шу давр учун ўртача 65 фоизлик кўрсаткичидан анча паст.

Трейдерлар ва бозор волатиллиги

СТГ ишлаб чиқариш ҳажмлари глобал миқёсда ўсган бўлса-да, унинг асосий қисми Европага йўналтирилган. Хитойда эса иқтисодий секинлашув ва қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасининг ошиши талабни чеклаб қўйган. Шу боис кўплаб трейдерлар газ нархи яна пасаяди, деган умидда позиция очган эди.

Бироқ талаб кескин ошгач, нарх пасайишига ўйнаган иштирокчилар оммавий равишда контрактларни ёпишга мажбур бўлди ва бу ўсишни янада тезлаштирди. «Газ бозори ҳали ҳам об-ҳаво, таъминот узилишлари ва глобал талаб ўзгаришларига жуда сезгир», — дейди HSBC таҳлилчиси Саднан Али.

Шу билан бирга, ҳозирги нархлар 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан юзага келган энергетик инқироз пайтидаги чўққидан қарийб 10 баробар пастлигича қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid